Андижон жоме

масжиди мажмуаси

Андижон жоме масжиди мажмуаси - меъморий ёдгорлик. 19- аср охирларига тегишли. Масжид, Мадраса ва минорадан иборат. Мадраса бош тарзи шарққа қаратиб қурилган. Тарзининг ўртасида пештоқ қад кўтарган. Унинг икки ёнида безакдор минора бор. Бурчакларида гумбазли дарсхоналар, уларнинг ўртасида икки қаватли ҳужралар жойлашган. Биринчи қаватнинг текис деворларида тўрт бурчакли дарчаларга панжаралар ишланган. Иккинчи қаватдаги ҳужраларнинг меҳробий равоқлари бош тарзига кўркамлик бахш этади. Масжид мажмуанинг ғарбий қисмида жойлашган. Унинг тарҳи тўғри бурчакли хонақоҳ ва уч томони қатор устунли, шифти безакдор айвондан иборат. Минора баландлиги 32 м бўлиб, ҳовлида жойлашган. Асоси саккиз қиррали, ёзма нақшли турунжлар ва кошин билан пардозланган. Жомега бешта (жанубда битта, шимол ва шарқдан иккитадан) дарвоза орқали кирилган. Андижон жоме масжиди мажмуаси қурилишида Исахон, Ю.Мусаев ва бошқа усталар қатнашган. 1902 йилги зилзила оқибатида шикастланган. Бинолар 1971-74 ва 1999-2000 йилларда қайта таъмирланган.