Отақўзи

мадрасаси

Отақўзи мадрасаси - Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги меъморий ёдгорлик (20-аср бошлари). Мадрасани маҳаллий бой Отақўзи қурдирган. Қурилишда Уста Қирғизбой ва Мамажонлар қатнашган. Отақўзи мадрасаси тарҳи кўп бурчакли, пештоқ — гумбазли дарвозахона, масжид — айвон, 2 қаватли ҳужралардан иборат. Бинонинг умумий кўлами ва тарҳ тузилиши ўзига хос. Ҳовли бўйлаб ҳужралар ва гумбазли дарсхона жойлашган. Отақўзи мадрасаси қурилишида усталар оддий пишиқ ғиштнинг безак имкониятлари нақадар кенглигини намойиш этганлар. Равоқли, мезанали ва қуббали устунгўшалар бинодан бирмунча баландроқ кўтарилган. Устун гўшаларга ишлов беришда турли шаклда ғишт териш йўли билан ўзига хос безак хрсил қилинган. Улар орасидаги девор сиртига юза равоклар ишланган. Масжиднинг гул солинган шифти алоҳида бадиий қимматга эга, унда гириҳ ва ислимий нақшлар Қуръон сураларидан олинган ёзувлар билан ўзаро уйғунлашиб кетган (безагида маҳаллий уста Сайдулло қатнашган). Мадраса қурилишида Хоразмча муқарнас, шарафа ва кунгура қўлланган. Отақўзи мадрасаси Қўқон хонлигининг сўнгги давр меъморий ёдгорлиги ҳисобланади. 1971—75 й.ларда таъмирланиб, ўлкашунослик музейи жойлашган.