Абдухолиқ Ғиждувоний

мақбараси

Ғиждувон туманининг марказида XV–XVI асрларга мансуб Улуғбек мадрасаси ва Абдухолиқ Ғиждувоний мозори бўлиб, меъморий обидаларнинг фақат харобалари сақланган. Абдухолиқ Ғиждувоний хожагон дарвешлар тариқатининг асосчиси. Шайх шу қишлоқда туғилиб, 1179–80 йили шу ерга дафн этилган. Абдухолиқ Ғиждувоний шарафига 1433 йили Улуғбек томонидан мадраса қурдирилган. Мадраса билан биргаликда Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасининг устига Султон бир иншоат (даҳма) қуришни буюради. Мадрасанинг ташқари қисмида, Ҳазрат мақбараси ёнида қудуқ, чиллахона ва минора бунёд этилган. Икки аср ўтгач, мазкур даҳма Абдулазиз ибн Убайдуллохон буйруғи билан таъмирланган. Агар тарихга мурожаат этсак, улуғ мутасаввуф олим, шайх Абдухолиқ Ғиждувоний Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи муриди бўлиб, 1103 йили Ғиждувон шаҳрида таваллуд топган. Тасаввуф ва суфийлик маданиятига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган: «Рисолаи соҳибия», «Мақомати шайх ул-шуюх Юсуф Ҳамадоний», «Насиҳатнома», «Васиятнома», «Рубоийёт» ва бошқалар. Илк устози тафсир илмининг султони Имом Садриддин ҳисобланиб, йигирма икки ёшида Юсуф Ҳамадоний билан учрашади ва унинг муридига айланади. Хожа Юсуф Ҳамадоний Абдухолиқ Ғиждувоний қалбида Оллоҳга бўлган чексиз муҳаббат борлигини билгач, суфийлар жамоасига олиб киради. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний устозининг таълимотини ҳар томонлама бойитиб, амалиётга зикри хуфийни олиб киради. Хожагон тариқатининг саккиз қонун-қоидасини шакллантириб берган. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1993 йили Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Ғиждувон туман ҳокимликлари қарори билан Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 890 йиллиги нишонланди.