Баланд

масжиди

Баланд масжиди куб шаклидаги пишиқ ғиштдан харсанг тошли шоҳсупа устига XVI асрда қурилган қалин деворли бинодир. Баланд масжиднинг шимол ва шарқ томонлари нақшин шифтли айвон билан ўралган. Ички деворларнинг қуйи қисми чиройли изоралар билан қопланган. Шарқ томонининг тўқ-яшил рангдаги изораларига олти бурчакли кўк сопол ғиштчалар терилган. ўиштчалар атрофига нозик ўсимликсимон шакллар чизилиб, устидан олтин суви югуртирилган ва у яхши сақланган. Деворининг ғарбий томонидаги изоралар кошин билан қопланган ва кундал усулидаги нақшлар билан ҳошияланган. Баланд масжид деразаларидаги панжаралар сопол ғиштчалардан терилган. Меҳробнинг атрофи сиркор сополчалар билан безатилиб, уларга олтин суви берилган. Унинг ён томонлари ва тепасига тўғри бурчакли сополчалардан сулс хати билан ёзувлар битилган. Ёзувлар тепасига, шифтга яқинроқ жойга муқарнаслар ишланган, уларга ҳам олтин суви югуртирилган. Кейинги даврлар меъморлари Баланд масжиднинг безакларидан намуна кўчирганлар. Баъзи тарихий манбалар маълумотларига кўра, масжид ёзувларининг хаттоти Боязид Пурроний бўлган эмиш. 1949–1951 йиллари Баланд масжидда таъмир ишлари олиб борилган.


Манзил: