Исмоил Сомоний

мақбараси

«Самарқанд сайқали рўйи замин аст, Бухоро қуббати исломи дин аст» деган нақл бежиз айтилмаган. Кўҳна Бухородан Имом Бухорий ҳазратларидек буюк зот, Баҳовуддин Нақшбанддек тасаввуфнинг йирик намояндаси ҳамда «Бухорий» нисбатли кўплаб олимлар етишиб чиққан. Исмоил Сомоний мақбараси Бухородаги энг нодир ва кўҳна ёдгорликдир. Исмоил Сомоний сомонийлар сулоласининг йирик вакили ва Сомонийлар давлатининг асосчиси сифатида танилган. 874 йили Бухоро атрофидаги деҳқонлар қўзғолонларини бостиргач, Бухоро ҳокими ноиби, 888 йили эса бутун Мовароуннаҳр ҳокими бўлган. Исмоил Сомоний ҳукмронлиги йилларида марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш сиёсати олиб борилди, Бухорода дин, адабиёт, маданият намоёндалари, уста ва ҳунармандлар тўпланиб, маданият ва санъат ривожланди. Бухоро шаҳри ва атрофи обод бўлди. Жаҳон меъморлигининг шоҳ асарларидан бири – Сомонийлар мақбараси Бухоронинг ўрта аср иншоатлари орасида алоҳида ўрин тутади. Мақбара Исмоил Сомоний отасининг ўлимидан кейин оилавий сағана сифатида қурилган. Сўнг Исмоилнинг ўзи, кейинроқ невараси Наср шу ерга дафн этилган. Сомонийлар даврида Бухоро йирик диний илмлар марказига айланиб, ислом таянчи деган буюк шарафга муяссар бўлди. IX асрнинг машҳур ҳадисшуноси, Бухоро номини бутун мусулмон оламига шарафлантирган Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий айнан Бухородандир. Буюк тиббиёт соҳиби, файласуф Абу Али ибн Сино ҳам Бухоронинг Афшона қишлоғида таваллуд топган бўлиб, Сомонийлар давлати пойтахтида яшаган олимлар орасида энг машҳурларидан бири ҳисобланар эди. Исмоил Сомоний мақбараси Бухоронинг ғарбий қисмида, Регистон яқинидаги қадимий қабристон ўрнида 892–943 йиллари бунёд этилган. Бутун бино ғиштни нақшинкор қилиб териш усулида, тўртбурчак шаклида қурилган. Дастлабки ҳоли тўлалигича сақланиб қолган ягона обидалардан биридир. Исмоил Сомоний мақбараси Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тарихий ёдгорликлар ичида биринчилардан бўлиб ЮНЕСКОнинг умумжаҳон маданияти мероси рўйхатига киритилган.


Манзил: