Калон

минораси

Бухорони мовий гумбазли Калон масжиди ва унинг минорасисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Минораи Калон кўҳна Бухоро шаҳрида ўзининг қаддини тиклаб турган ва баъзи тарихий манбалардаги маълумотларга кўра, минора 1127 йилда Арслонхон томонидан қурилган бўлиб, пишиқ ғиштдан геометрик нақшинкор шакллар услубида ишланган. Унинг баландлиги 50 метр, айланма эни 9 метр. Миноранинг юқори қисми салла шаклида ғишт ўймакорлиги билан безатилиб, карниз ҳолатига келтирилган. Ўқсимон тиргак (баъзи олимлар фикрига биноан) ўртасида Арслонхоннинг номи битилган. Бинокор устанинг номи (Бақо) ҳам топилган бўлиб, маҳаллий аҳоли унинг қабрини қўшни маҳалладаги уйлар орасида деб кўрсатади. Уста Бақо Мовароуннаҳрга хос бўлган, юқорига қараб ингичкалашиб борувчи думалоқ ўқли ғиштин минора бунёд этган. Минора ичида ғиштин айланма зинапоя бўлиб, у ҳашамдор сталактитли карниз-шарафа кўринишида терилган ғиштларга таянувчи 16 равоқли рутонда- фонус майдончасига олиб чиқади. 1514-16 йилларда Бухоро хони Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд (1504-1539) Ҳирот юришидан қайтгач, ушбу минора ва ёнидаги Масжиди Калонни таъмирлашни буюриб, маълум миқдорда маблағ ажратди. Минораи Калон Бухоро воҳасида XX аср бошига қадар қурилган кейинги барча миноралар учун намуна бўлди. Минора шўролар инқилоби даврида бир неча бор харобага айлантирилган.1924 йилда (танаси ва муқарнаслари) уста Ширин Муродов бошчилигида таъмирланган. Ер остида қолиб кетган курси қисмини 1960 йилда уста Очил Бобомуродов очиб, қайта таъмир этган. Минора арабча сўз бўлиб, «Баланд иншоат» деган маънони англатади. Минора, аслида, масжид ва мадрасалар ёнида ёки уларга туташ қурилган бўлиб, намоз ўқишга ундайдиган азон чақириш учун мўлжалланган жой вазифасини бажаради. Тарихий манбаларда минораларнинг айримлари душман қўшинларини кузатувчи соқчихона сифатида ва бир мажмуага кўрк ва салобат бериш ҳамда уни қурдирган шахснинг куч-қудратини намойиш қилиш учун ҳам бунёд этилган.


Манзил: