Масжиди

калон

Бухоро меъморлигининг буюк обидаларидан бири Масжиди Калондир. Археологик қазишма маълумотларидан аниқланишича, қорахонийлар даврида ушбу Жомеъ масжиди таланган ва ёғоч тўсинлари ёнғинни(чамаси, мўғул босқини даврида) бошидан кечирган. Тарихда шайбонийлар даврига мансуб, деб кўрсатилган янги катта масжид қурилиши 1416–1418 йиллари Убайдуллохон буйруғи билан амалга оширилди. Масжидга киришдаги мармар лавҳдаги бахшида битикларга кўра, қайта қуриш ишларида ҳар бир гузар маълум бир қисмини таъмирлаши ва бунинг учун у айрим солиқлардан озод этилганлиги ҳақида Убайдуллохоннинг махсус фармони берилганлиги айтилган. 1514 йилги таъмир ишларида масжид олд томонининг марказида пештоқ бўлиб, бурчак минорачалар – гулдасталар, оралиқ деворларга деворий равоқлар туширилган. Масжид безаги сақланиб қолган. Унда XVI аср Бухоро меъморлигига хос сиркор ғишт ва плита блоклари асосидаги қопламалар кўзга ташланади. Бундай қопламалар масжид олд томонининг марказий қисми ва меҳробда учрайди. Бу ердаги қоплама остида наққош ва хаттот Боязид Пурроний номи билан боғлиқ олти қиррали плиталардан иборат безак ҳамда XV аср қадамали ҳошия борлиги маълум бўлди. Масжиди Калон ўз даврида кўпгина уламолар ва мутафаккирлар учун илм даргоҳи сифатида хизмат қилган. Шулардан фақиҳ Абу Ҳафси Кабири Бухорий, Муҳаммад ибн Салом Пойкандий, Аҳмад ибн Исҳоқ Сурморий, Абдулло ибн Муҳаммад ал-Муснадий, Имом Бухорий кабилар илм олганлар. Яна айтиш жоизки, Абу Абдулло Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратлари мазкур масжидда 90 мингдан кўпроқ кишига «Саҳиҳи Бухорий» китобларидаги ҳадислардан ривоят қилиб, уларга ижозат хатини тақдим этганлар. Монументал гул устунлар(пилонлар) Масжиди Калон ҳовлисини ўраган галереялари кўпгумбазли жомеънинг таянчи ҳисобланади. Ҳовлининг бўйлама ўқи мақсура–хочсимон бўлмали пештоқ ва гумбазли бино билан якунланади. Унинг устида ҳаворанг гумбаз ўрнатилган. Масжиддаги умумий таъмирлаш-тиклаш ишлари 1990–1998 йилларгача давом этди.