Мағоки Аттори

масжиди

Шоҳрух канали яқинида, шаҳар шаҳристонида ғоят антиқа обида – Мағоки Аттори масжиди жойлашган. Араблар истилосигача унинг ўрнида Моҳ (ой) бозори бўлган, бу ерда бут, доривор ва зираворлар билан савдо қилинган, оташпарастлар ибодатхонаси ҳам шу ерда эди. Наршахий асарининг охирги таҳририда ибодатхона ўрнида қурилган масжид «Мағоғ», яъни «чуқурликда» деб номланган. Чунки жадал ўсаётган маданий қатламлар уни ўша пайтдаёқ ярмигача кўмиб юборган эди. Масжиднинг шарқий пештоқидаги ёзувларга кўра, 1547 йили Абдулазиз бин Абдуллоҳ (1539–1550) масжидни буздириб, ўрнига қайтадан янги масжид қурдирмоқчи бўлди. Аммо ўша даврдаги нақшбандия тариқатининг пешвоси ва хоннинг муршиди Махдуми Аъзам бу масжиддан ўтган улуғларнинг руҳлари ҳозирлигини айтиб, бунга йўл қўймади. Ушбу масжид минбарида Абдуллоҳ Ғиждувоний, Баҳовуддин Нақшбанд каби пирлар хутба ўқиганлари ҳам таъкидланган. Муршиднинг сўзларига итоат қилган Абдулазизхон эски масжиднинг ғарбий томонига чамбарчас қилиб янги масжид қурдирди. Шу ердаги баланд зинадан Мағоки Аттори масжидининг XII асрда қурилган 6 устунли ва 12 гумбазли катта залига тушиладиган бўлди. Хонақоҳнинг поли очиб текширилган, IX–X асрларга оид ганчкорлик материаллари топилган. Ундан ҳам пастроқда хомғиштдан қурилган девор бўлиб, унинг ганчкорлик материаллардан ҳам қадимий эканлиги аниқланди. XII асрга мансуб пештоқ ва унинг икки ёнидаги пилон анъанавий шаклда ишланган. Пештоқ эшикнинг тепасидаги гумбазсимон равоқ уч қисмга бўлинган. Ҳар бир қисм алоҳида майда ва юпқа ғиштлардан бир-бирини кесишувчи квадратшаклли безак ҳосил қилган. Қисмларнинг бурчаклари шарафа билан безалган, тепасига эса кесишган олтибурчак шаклидаги ғиштлар кўндаланг терилган. Ўйма терракота ёзувлар ҳошияси эшик ва равоқнинг устки қисмини безаган пештоқ деворлари алоҳида панноларга бўлинган. Уларга ўсимликсимон ва геометрик нақшлар ишланган. Пештоқнинг икки ёнига ғиштдан геометрик нақш ишланган. Бу ғиштин нақшлар заминида ганчдан ишланган ўйма безак(гириҳ) бўлган. Масжид бурчакларидаги буржларга жимжимадор гириҳ ишланган. 1934-1935 йиллари В. А. Шишкин раҳбарлигида масжидда археологик қазишлар ўтказилган. Натижада масжиднинг жанубий пештоқидаги безаклар, сиркор парчинлар емирилгани аниқланган. Кейинчалик булар Уста Ширин Муродов иштирокида қайта тикланган. Мағоки Аттори масжиди ривоятларда уста Моҳ томонидан қурилганлиги айтилган. Айниқса, унинг жанубий пештоқи фақат Бухоронинггина эмас, балки бутун Ўрта Осиё маданиятининг қимматбаҳо ёдгорлиги сифатида қадрланади.


Манзил: