Мир Араб

мадрасаси

Мир Араб мадрасасининг қурилиши шайбонийларнинг дастлабки пири шайх Абдуллоҳ Яманийнинг номи билан боғлиқ. Калон масжиди рўбарўсига қурилган бу мадрасага Убайдуллохон маблағлари сарфланган. Архитектурасига кўра, Мир Араб мадрасаси ўз даври учун энг мураккаб ва янги кўринишга эга бўлган, унинг хона, гумбаз, йўлак ва хилхоналарининг ўзига хос қулайлик билан жойлаштирилганлиги кейинчалик кўплаб бинолар учун ўрнак бўлди. Сайрамлик шайх Абдуллоҳ Яманий томонидан Бухоро хони Убайдуллохон маблағи ҳисобига XVI аср бошида қурилган ёдгорлик унинг лақаби билан «Мири Араб» деб аталган. Мазкур мадрасада бошқа мадрасалардан фарқли ўлароқ, дафн этиш хонаси – хилхона ҳам мавжуд. Шайбонийхонлар пири шайх Абдуллоҳ Яманий – Мири Араб ва Бухоро амири Убайдуллохоннинг ўзи ҳам шу мадрасадаги мақбарага дафн этилган. Бинода Ўрта Осиё диний мактаблари қурилишига хос анъанавий схема ва композицион ҳажм ўз ифодасини топган. Мадраса ҳовлиси икки қаватли ҳужралар билан ўралган. Гумбазли даҳлизнинг ён томонларида катта хоналар бор. Жануб томонидаги хона масжид учун мўлжалланган. Мадрасанинг бурчакларидаги буржлар гулдаста қилиб ишланган. Ҳовлининг бурчакларидаги ҳужраларга кириладиган равоқли эшиклар, қиррали ва оддий токчалар, мураккаб гумбазлар мадраса архитектурасини мукаммаллаштирган. Мадрасадаги катта хоналарнинг ичи, жумладан, мақбаранинг ичи ҳам ўзига хос ишланган: шиплардаги 4 тоқи борган сари кичиклашадиган қалқонсимон ироқиларга туташиб кетган. Ҳужралар, хоналар ва мақбара ўймакор ганч, сиркор парчинлар билан безатилган. Бир вақтлари мадрасанинг ҳамма қисми ранг-баранг сиркор парчинлар билан ялтираб, товланиб турган. Шу безакларнинг сақланиб қолган айрим парчаларидан бу ердаги нақшлар ғоят нафис ва нозик бўлганлигини билиш мумкин. Ҳозир бу бинода Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мадрасаси жойлашган. Пештоқнинг чап ва ўнг томонларида жойлашган равоқлар тепаларида ҳадислар ва шеърлар битилган эди. Уларни бажарган машҳур тарихчи, хаттот ва шоир Нисорий ўз асарида айтиб ўтган. ХХ асргача мадраса вақфлари сақланиб қолган бўлиб, ундан мударрислар, талабалар ва имомлар ҳам фойдаланганлар.


Манзил: