Намозгоҳ

масжиди

Мусулмонларнинг икки асосий байрами – қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайити намозлар адо этиладиган алоҳида масжидлар, яъни намозгоҳларнинг пайдо бўлишини белгилади. Бу ерда байрам кунлари бутун шаҳардан ва атрофдаги қишлоқлардан кўп мусулмон йиғилишган, шунинг учун намозгоҳлар шаҳар ташқарисида, барча келувчиларни сиғдира оладиган кенг жойларда қурилган. Шундай намозгоҳ Бухоро жанубида 1119 йили қурилган. Тарихий манбаларга кўра, бутун майдон баланд ғиштли девор билан ўралган, ўртасида меҳроб ва ёнида имом ваъз қиладиган минбар бўлган. Бинонинг олдида ёғоч устунли енгил шийпон қурилган. Нафис нақшлар ва ёзувлар ҳамда ўймакорлик билан безалган меҳроб ҳозир ҳам сақланиб қолган. Бироқ XV асрда Амур Темур буйруғи билан бутун меҳроб атрофидаги девор ва битилган ёзувлар таъмирланиб, рангдор кошинбуруш(терракота) билан қопланган. XVI асрда Абдуллохон бин Искандар тарафидан (1551–1598) жиддий қайта қуриш амалга оширилиб, олд қисмида баланд қуббали айвон билан уч оралик пешайвон қурилган, ёнига эса янги минбар ўрнатилган. Масжид минбаридан машҳур уламолар хутба ўқиганлар. Жумладан, Нақшбандия тариқатининг пешволари Хожа Муҳаммад Порсо, Махдуми Аъзам, Хожа Ислом Жўйборий кабиларнинг номи тарихда келтирилган. Шуни айтиш жоизки, Намозгоҳ масжиди шу давр кўпгина можароларида сулҳ тузиш майдони вазифасини ҳам бажарган. Намозгоҳ масжиди қадимий Бухоро шаҳрининг жанубий чеккасига қурилган. У йилига икки марта шаҳар ташқарисига чиқиб, тантанали намоз ўқишга мўлжалланган эди. Ҳозирги кунда масжид маҳаллий саноат корхонаси ҳудудига кириб қолган ва таъмир ишлари олиб борилмоқда.


Манзил: