Улуғбек

мадрасаси

1409–1449 йиллари Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлган Темурнинг невараси Улуғбек тарихга олим ва илм ҳомийси сифатида кирган. Бунга унинг турли шаҳарларда, хусусан, Бухорода 1417 йили қурдирган Улуғбек мадрасаси мисол бўла олади. Улуғбек бобоси Шероздан келтирган китобларнинг ярмини ушбу мадрасага вақф қилган. Бу ерда ҳовли асосий ўқ бўйлаб икки айвон ва иккала қаватда пешайвони ҳовлига қараган ҳужралар билан ўралган. Олд томонининг марказида пештоқ ва бурчакларида гулдаста-минорачалар ва улар ўртасида айвонлар жойлашган. Даҳлиздан кирилганда бир тарафда кенг масжид, иккинчи тарафда дарсхона бор. Бу иккала хона ҳам гумбазлар билан тугалланган. Мадраса нақшлари оддий, асосан сирланган ғиштлардан геометрик ва эпиграфик тахламалардан иборат. Мадраса бинокори Темур даврида Эрондан келтирилган устанинг авлоди Исмоил бин Тоҳир бин Исфаҳоний ал-Баннаийнинг номи сақланиб қолган. Нозик дурадгорлик нақшлари билан безатилган дарвоза мадрасанинг ажиб меъморий қисмини ташкил этади. Дарвозанинг юқори тахтасида шундай ибора ўйиб ёзилган: «Билимга интилиш – ҳар бир муслим ва муслиманинг бурчидир». Эшикни қоқиш учун ўрнатилган бронза тасмада эса шундай ёзув битилган: «Китобий ҳикматдан баҳраманд ҳар бир инсон олдида Оллоҳнинг марҳамат эшиклари ҳар вақт очиқдир». Мадраса ўзининг бугунги ҳақиқий кўриниши билан бир вақтнинг ўзида ўрта аср Бухоро ҳаётининг икки зарурий даврини кўрсатади, яъни мадраса Улуғбек томонидан илк бор (1417 йили) ва Абдуллохон II даврида Хожа Саъд Жўйбори томонидан (1586 йили) бутунлай қайта тикланган.


Манзил: