Хожа Исматулло Бухорий

меъморий ансамбли

XIV-XV асрларда яшаб ўтган бухоролик улуғ шоир, файласуф, маърифатпарвар зот Ҳазрат Хожа Фахриддин Исматулло бинни масъул Бухорий зиёратгоўи қадимий шаҳар қалъасининг Шайх Жалол дарвозаси яқинида жойлашган бўлиб, ўтган аср шўролар тузуми даврида қаровсиз қолди. Қадамжодаги масжид бузиб ташланди, чашма ва қудуқ кўмилди ва бу ерга зиёратчилар келиши таъқиқланди. Лойиҳани тайёрлар экан, муаллифлар гуруҳи маърифатпарвар зот хотирасини эъзозлаш, унинг меросини ўрганиш, ёш авлоднинг маънавий тарбиясида муҳимлигига эътибор қаратди. Ушбу қадамжони барпо этиш чоғида зиёратгоҳга туташ эски қабристон тартибга келтирилди, алоҳида дахма тикланди. Шаҳарнинг қадимий қалъаси буйлаб меъморий мажмуага элтадиган янги йўл қурилди. Шу йўлдан борадиган зиёратчилар дастлаб зиналар орқали баландлиги 5,2 метр бўлган пантеон – айланма бинога ўтишади. Бу ерда Бухоро авлиёлари ва алломаларининг ҳикматлари, улар ҳаёт йўли ҳақидаги маълумотлар билан танишиш мумкин. Анъанавий услубда қурилган масжид олдида ёғоч ўймакорлиги билан зеб берилган устунли айвон зиёратгоҳга ўзгача руҳ ва кўркамлик бағишлаган. Қадамжонинг бош иншооти – баландлиги 13 метрдан иборат гумбазли мақбара қурилишида жахонга машҳур Сомонийлар мақбарасини тиклашда кўлланилган ғишт териш усулидан фойдаланилган. Мақбара маркази бухоролик мармартарош усталар ва хаттотлар безаган қабр тоши жойлашган. Бухоронинг ўзига хос меъморий услуби акс этган тўрт пештоқли мақбара қадимий обидаларни эслатади. Кўплаб хомийлар, халқ усталари, мутахассислар жалб этилган зиёратгоҳ қурилиши 2004 йил мартида бошланиб, 2004 йил ноябрида ниҳоясига етказилди. Ҳозир бу жой зиёратчиларнинг севимли масканларидан бирига айланди.