Хожа Саййид Амир Кулол

зиёратгоҳи

Нақшбандия тариқатида алоҳида ўрин тутган Ҳазрат Саййид Амир Кулол (1287-1370) ҳозирги Когон тумани ҳудудида ўзи туғилиб ўсган Сухор қишлоғида дафн этилган бўлиб, унинг зиёратгоҳи собиқ шўролар замонида қаровсиз ҳолга келганди. Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида аллома пирнинг когонлик ва хорижлик муршидлари ташаббуси билан қурилган кўримсизгина мақбараси жойини аниқлашда хатоликларга йўл кўйилган эди. Шу муносабат билан вилоят раҳбарияти Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан келишган ҳолда аллома хоки кўйилган жойни тўғри аниқлаб бу ерда икки гумбаздан иборат маҳобатли мақбара барпо этиш таклифини илгари сурди. Объектнинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари ишлаб чиқилди. Лойиҳа муаллифлари гурухи зиёратгоҳдаги мақбаранинг бирини кошинлар, кўфий ёзувлар билан безашни, иккинчисини тиклашда оби ғиштларни безакли териш усулидан фойдаланишни лозим топди. Янги қабр мармар тошидан тайёрланди. Бу ўзгаришлар туфайли мақбара оригинал чиройга эга булди. Мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, 6 гектарга етказилди. Янги дарвозахона, масжид, минора, зиёратчилар учун меҳмонхона, таҳоратхона, саккиз бурчакли ҳовуз, баландлиги 10,5 метрли минора барпо қилинди. Атроф ободонлаштирилиб, янги боғ ташкил этилди. Қискаси, бир пайтлар кўримсизгина бўлган зиёратгоҳ кўркам меъморий мажмуага айлантирилди. Бу авлодларнинг улуғ аждодларга, Саййид Амир Кулолга эҳтиромининг янги рамзи бўлди. Зиёратгоҳ қурилиши 2007 йил мартида бошланиб, 2008 йилда ниҳоясига етказилди