Хўжа Зайниддин

масжиди

Бухородаги энг қадимий ҳовуз бўйига қурилган бу масжид уйлар зич жойлашган эски маҳалла ичидадир. Ҳовузнинг қирғоқлари мармар билан қопланган, сувга зина билан тушиладиган жойида аждаҳо кўринишдаги сув қуйғич бор. Масжид мураккаб нақш ва эпиграфика билан улкан гумбаз, ташқари қисмининг жануби-шарқий томони очиқ айвонлар билан безатилган. Тарихий манбаларда айтилишича, масжид Хўжа Зайниддин ҳазратларининг ташаббуси билан XV асрда қурилган. Хўжа Маҳмуд Зайниддин кубравия-зайния тариқатининг Бухородаги пешволаридан бўлган. Унинг асли келиб чиқиши Хоразмдан бўлиб, Бухорода қозикалон лавозимини бажарган. Масжид Абдулазиз ибн Убайдуллохон даврида таъмирланган. Кейинги таъмирлаш ишлари 1904 йили Аҳадхон бин Музаффархон (1885–1910) буйруғи билан амалга оширилиб, масжид ҳовлисида катта ҳовуз қурдирилган. Хўжа Зайниддин яшаган маҳалла гузари Пайкондиён ёки Имом Бухорий маҳалласи деб аталиб, маҳалла илму фан аҳллари билан машҳур бўлган. Масжид қурилиши пайтида ҳовузнинг тупроғи лой қилиниб, масжид ёнидаги хумдонда ғишт пиширилиб, бино барпо этилган. Шу даврда Мир Араб мадрасаси ҳам қурилган, ўшанда Мири Араб (Абдуллохон Яманий) даъво қилиб, ҳовузнинг заҳи мадрасага таъсир этиши мумкинлигини билдирган. Хўжа Зайниддин эса, мадрасага ҳеч қандай заҳ таъсир этмаслигини илмий жиҳатдан асослаб берган экан…


Манзил: