Чашмаи Аюб

мақбараси

Боғдан чиқадиган йўл бўйлаб яна бир мўъжиза обида – Чашмаи Аюб (яъни “Аюб булоғи”) мақбараси сақланиб қолган. У XIV–XIX асрлар мобайнида кўп бор қайтадан қурилган мураккаб ёдгорлик бўлиб, оқибатда, турли ўлчамдаги хоналар устида шаклан хилма-хил бўлган гумбазлар билан тугалланган чўзинчоқ қиррадор шаклга кириб қолган. Мақбара хилхоналар деворларига ёзилган ёзувлар шуни кўрсатадики, у Амир Темур кўрсатмасига биноан 1379 йили қурилган. Мақбара ғарбдан шарққа чўзилган тўртбурчак шаклга эга бўлган. Сатҳи – 19х26 метр. Чашмаи Аюб мақбараси қадимий ва машҳур мозор ўрнида Аюб пайғамбарнинг сохта қабри устига бунёд этилган Бухоронинг ўзига хос обидасидир. У баъзан мақбара деб юритилади, ваҳоланки, у мақбара эмас, балки қадамжодир, яъни пайғамбарнинг қадам қўйган жойи (Аюб алайҳиссаломнинг қадами кўзда тутилган). Ривоятларга қараганда, у бу сувсиз жойдан ўта туриб, ҳассаси билан ерга урган ва чашма ҳосил бўлган. Аюб пайғамбарни эъзозлаш исломдан олдинги даврларда сувга сиғиниш билан боғлиқ равишда вужудга келган бўлса керак. Тарихий манбаларда айтилишича, бино қурилиши бир неча даврни ўз ичига олади. Тахмин қилинишича, унинг қадимий қисми XII асрга бориб тақалади. XVI асрда Абдуллохон бин Искандархон буйруғи билан мақбарада таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Бинода олтита хона бўлиб, уларнинг ички қисмида булоқ жойлашган, унинг ортида катта меҳробли масжид савлат тўкиб турибди. Мақбара ғарбдан шарққа чўзилган тўртбурчак шаклга эга бўлиб, кўп гумбазли ва уни тутиб турувчи баланд цилиндр шаклдаги гумбазли қисм ажралиб турибди. Ривоятларга кўра, бу гумбаз Амир Темурнинг Урганчга қилган зафарли юришлари ва Хоразмни забт этгандан кейин Бухорога олиб келинган усталар томонидан бунёд этилган. Худди ўша даврда айнан хоразмлик усталар Шаҳрисабзда Амир Темурнинг ўғли Жаҳонгир учун чодирсимон гумбазли мақбара қуришган. Бинобарин, Бухоронинг булоғи устидаги иншоат анча олдин қурила бошлаган бўлиши мумкин. Яна шуни айтиш жоизки, мақбарада Имом Бухорийнинг устозлари Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муснадий ва Аҳмад ибн Исҳоқ ас-Сурморий ҳам шу ерга дафн этилганлиги айтилган.


Манзил: