Баҳоуддин Нақшбанд

мажмуаси

Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон ҳамда Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган, ўз даврига нисбатан ўта илғор тасаввуфий оқим бўлмиш нақшбандия тариқати Хожа Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбанд (1318–1389) номи билан боғлиқдир. Баҳовуддин Нақшбанд 1318 йили Бухоро яқинидаги қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилади. Баҳовуддин Сайид Амир Кулол, Қусам шайх, Халил Ота каби ўша даврнинг энг йирик туркигўй ва форсигўй мутасаввуф олимлари қўлида таълим олади. Ўзидан олдин ўтган Юсуф Ҳамадоний, Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийлар томонидан яратилган хожагон тариқатини тадрижий давом эттириб, XIV аср шароитига мослаган ҳолда нақшбандия таълимотини асослайди. Бу таълимот бошқалар меҳнати билан кун кечириш, текинхўрлик, ижтимоий зулм ва истибдодни қатъиян қоралайди. Нақшбандия таълимотида хилват эшигини беркитиб, суҳбат эшигини очиш, шайхлик эшигини беркитиб, ёрлиқ, яъни ёр-дўстлик, ҳамжиҳатлик, ҳамдамлик, ҳамдардлик эшигини очиш ҳақида сўз юритилади. Баҳовуддин Нақшбанднинг маънавий отаси – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний томонидан XIII асрдаёқ ишлаб чиқилган, XIV асрда ривожлантирилган нашбандия таълимоти халқ оғирини енгил қилиш, ҳалол бўлиш, касб-ҳунар эгаллаш; «Дил ба ёру – даст ба кор» (Қўлинг меҳнатда-ю, дилинг Оллоҳда бўлсин) деган олижаноб, ўта дунёвий ва ҳаётий ғояларни илгари сурган. Ҳозирги Когон туманининг Қасри Орифон қишлоғида дафн этилган Баҳовуддин Нақшбанд қабрининг устига 1544 йили Абдулазиз I томонидан мақбара қурдирилган.


Манзил: Когон тумани, Қасри Орифон қишлоғи