Чор Бакр

мажмуаси

Мажмуа жойлашган маскан эски Сумитан номи билан машҳур эди. Турк хоқонлиги (VI–VII асрлар) даврида бу қишлоққа Ширий Кишвар деган шахс асос солган. Илк ислом даврида Бухоронинг биринчи намозгоҳ масжиди шу қишлоқда жойлашган эди. Мажмуада ҳозирда сақланган хонақо, мадраса, масжид (1571–1573) ва ҳазираларнинг асосий қисми Абдуллохон даврида қурилган. XVI аср бошида мажмуа жўйборийлар оиласининг дафн жойи бўлиб қолди. Қабристонда асосан оилавий қабрларнинг иҳоталари ва улар ортида дафн этилганларнинг сағаналари зич бўлиб турибди. 1561–1563 йиллари эса умумий композиция билан боғланган учта иморатдан иборат мажмуа қурилган. Унда масжид, ҳонақо ва ҳужралар ўртадаги кичик майдон билан бирга «П» ҳарфли шаклни ҳосил қилади. Бу ўзгача мажмуа анъанавий мусулмон бинолари асосида алоҳида кўркамлик яратган бухоролик меъморларнинг фаол ижодий изланишларидан далолатдир. Хонақо ва масжиднинг олд томонлари деярли бир хил пештоқлар билан ажралиб туради. Лекин уларнинг режалаштирилиши, ҳажмдор қурилиши бир-биридан фарқ қилади. Тарихий манбаларда айтилишича, Чор Бакр сўзи (тўртта Бакр) Имом Абу Бакр Саъд, Имом Абу Бакр Аҳмад, Имом Бакри Тархон, Имом Абу Бакр Фазл ва Имом Абу Бакр Исҳоқ номларига нисбат берилган бўлиб, XVII аср афсоналарига кўра, улар ушбу мақбарага дафн қилинган. Мазкур кишилар ҳанафий мазҳабининг улуғ алломалари бўлиб, ҳадис ва фиқҳ илмлари хусусида Имом Аъзам мазҳабининг Ўрта Осиёга устувор бўлиши учун хизмат қилганлар. Улар, тахминан, 300–370 ҳижрий йиллари яшаганлар.


Манзил: Бухоро тумани, Шергирон МФЙ