Аҳмад ал-Фарғоний

мажмуаси

Фарғона водийси мамлакатимизнинг жаннатдек файзли гўшаларидан биридир. Сўлим Шоҳимардонни «Иккинчи Швейцария» деб бежиз таърифлашмайди. Ўрта асрларда яшаган Марказий Осиёлик олимлар орасида буюк астроном, математик ва географ ал-Фарғоний салмоқли ўрин эгаллайди. Олимнинг тўлиқ исми Абул Аббос ибн Муҳаммад ибн Касир Аҳмад ал-Фарғонийдир. У 797 йили Фарғона водийсида туғилган. Ал-Фарғоний халифа Ҳорун ар-Рашиднинг шарқий ерларидаги муовини ўғли Абдуллоҳнинг Марвдаги олимлари доирасига кирган. Кейинчалик Бағдод ва Мисрга бориб ижод қилган. Ал-Фарғонийнинг кўплаб ихтиролари орасида унинг Нил дарёси сатҳини ўлчовчи ускунани таъмирланганини эсга олиш мумкин. Ана шу хизмати учун яқинда Мисрда ал-Фарғонийга ҳайкал ўрнатилди. Бугунги кунда Ал-Фарғонийнинг астрономияга оид саккиз асари маълум. Асосий асари «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби» XII асрда лотин тилига, XIII асрда бошқа Оврупо тилларига таржима қилинган. Ал-Фарғоний асарларининг таржималаридан бир неча асрлар давомида Оврупо университетларида асосий дарслик сифатида фойданилган. Олимнинг вафоти тахминан 865–866 йиллар, деб қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Абул Аббос ибн Муҳаммад ибн Касир Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланди. 1998 йилнинг октябрида Аҳмад ал-Фарғоний таваллудини нишонлаш арафасида вилоят марказида аллома номидаги оромгоҳ ва Қува туманининг 2500 йиллик тарихга эга бўлган Қубо шаҳристонида катта мажмуа барпо қилиниб, шаҳристон тепалигига аллома Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкали ўрнатилди ва у зиёратгоҳга айланди.