Бурҳониддин ал-Марғиноний

мақбараси

Ислом оламидаги буюк фақиҳлардан бири Али ибн Абу Бакр ибн Абдул Жалил ибн ал-Халил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний 1123 йилнинг 23 сентябрида туғилган. У Қуръон ва ҳадис, фиқҳ илмини бениҳоя чуқур ва мукаммал эгаллагани, бу соҳада беқиёс дурдоналар яратгани туфайли «Бурҳонид-дин ва-л-милла» (Ислом оламидаги халқлар, ислом динининг далил, исботи) ва Марғилонда туғилгани боис Марғиноний, яъни Бурҳониддин ал-Марғиноний деб улуғлаганлар. Бурҳониддин ал-Марғиноний ёшлик чоғиданоқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олгани ва мукаммал илмга эга бўлганига қарамай, Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Абу ал-Асир ал-Байдавий каби улуғ устодлардан таҳсилни давом эттирди. Аллома «Китоб ал-машойих» (Шайхлар китоби) асарида ўзи таълим олган қирқдан ортиқ шайх ва олимларни санаб ўтган. Бурҳониддин ал-Марғиноний ислом динидаги суннийликнинг тўрт мазҳаби асосчилари асарларини ўрганиб, ўзи ҳам фиқҳга оид бир қанча асарлар яратган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган «Ҳидоя» асари 1178 йили Самарқандда ёзилган. «Ҳидоя» мусулмон ҳуқуқи – фиқҳ бўйича энг аниқ, изчил, мукаммал асар сифатида бутун ислом олами ҳанафия мазҳабининг фиқҳ масалаларидаги асосий қўлланмасига айланган. Истиқлол шарофати билан Ўзбекистонда диний-миллий қадриятлар йил сайин қарор топиб, халқимиз улкан меросдан баҳраманд бўлаётир. Жумладан, буюк фақиҳ Абу Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдул Жалил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний таваллудининг 910 йиллиги нишонланганлиги бунинг яққол исботидир. Бурҳониддин ал-Марғиноний юбилейига катта тайёргарлик кўрилиб, бир қанча хайрли ишлар амалга оширилди. Марғилонда алломага бағишланган хотира майдони ва мажмуа, Риштон шаҳрида эса рамзий мақбара барпо этилди.