Хўжа Амин

мақбараси

Хўжа Амин мақбараси XVIII асрда бунёд этилган. Хўжа Амин мақбараси гумбазли, олд томонида бурчаклари гулдаста нақшли баланд пештоқ бор. Пештоқ, равоқ ва гулдасталарни безашда ўйма сополчалар ўринли ишлатилган. Бино ўсимликсимон нақшлар ва араб ёзувлари билан чиройли зийнатланган. Тарихий манбаларда XVI асрнинг охирларида Шайхонтаҳур (Шайх Хованди Тоҳур) авлодларидан бўлган Иминхўжа Эшон деган киши Тошкентдан Наманганга келиб ўрнашиб қолади. Наманганда унга ихлос қилувчи кишилар кўпайиб кетади. Иминхўжа Эшоннинг Холдорхўжа деган ўғли бўлиб, Холдорхўжадан икки ўғил қолади. Каттаси Ёқубхўжа Қашқарга кетади, кичиги Иброҳимхўжа Наманганда қолади. Иброҳимхўжанинг қизи бўлиб, уни Мирхўжа Эшон деган кишига турмушга узатади. Иброҳимхўжа вафотидан сўнг ўғли бўлмаганлиги сабабли унинг мероси куёви Мирхўжа эшонга қолади. Мирхўжа эшон қайнотасидан мерос қолган бойликлар эвазига Иброҳимхўжа хотираси учун тахминан XVIII асрнинг бошларида Иброҳимхўжа қабрининг олд тарафига мақбара бунёд этади. Мақбара қурилишига ўша даврнинг моҳир меъморлари жалб қилинган.