Мир Саид Баҳром

мақбараси

Кармана шаҳридаги бу меъморий ёдгорлик X–XI асрларга мансуб. Кўриниши содда, тўртбурчак шаклида қурилган. Бинонинг ички ўлчами 4,4х4,4 метр. Баландлиги 7,5 метр. Томи оддий гумбаздан иборат. Мақбара бир неча бор таъмирланиб дастлабки кўринишини йўқотган. Охирги марта 1970 йили таъмирланиб, олд томони пишиқ ғиштдан қайта терилган. Унга геометрик нақшлар ва куфий усулида ёзувлар битилган. Пештоқнинг икки чеккаси ва карнизи майда ғиштлардан жимжимадор қилиб безатилган. Ён ва орқа деворлари безаксиз. Мақбара меъморий ашёларининг ўзаро мутаносиблиги ва нақшларнинг ихчамлиги билан ажралиб туради. Мақбара Қорахонийлар даври тарихий ёдгорлиги бўлиб, Исмоил Сомоний мақбараси услубида қурилган. Ўртасида Мир Саид Баҳромнинг қабри бор. Ушбу ёдгорлик ўзида мадраса, ёзги масжид ва ҳужраларни мужассам этганига қараганда, талаба ва ҳожиларнинг ётаржойи вазифасини ўтаган деб тахмин қилиш мумкин. Мақбара пештоқида “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм” ва “Ал-Жалол” деган ёзув битилган. Тарихий китобларда ёзилишича, Мир Саид Баҳром йирик савдогар бўлган. Ўз касбининг устаси Мир Саид Баҳром савдогарлик қилиб Карманадан ўтган Буюк Ипак йўли орқали Афғонистон, Эрон ҳамда араб давлатларига бориб савдо-сотиқ билан шуғулланган. Орттирган мол-дунёсидан кўплаб хайр-эҳсонлар бериб, обрў-эътиборга сазовор бўлган. У Ислом илмий асослари – фиқҳ, тарих илмини пухта билган. Умрининг охирларида тасаввуф йўлига ўтиб, соҳиби кароматга айланган. Шу йўл билан авлиёлик даражасига етишган. Мир Саид Баҳром мақбараси Ўрта Осиё архитектураси тарихида муҳим ўрин эгаллайди. Ташқи кўринишидан кичик иншоатни эслатадиган бу мўъжаз мақбара ўн асрдан бери тарихнинг жонли гувоҳидир. Мақбара бир неча марта турли тарихий экспедициялар томонидан текширилган. 1934 йили Зарафшон археология экспедицияси текширган. Бу экспедиция иштирокчиларидан бири археолог олим В. А. Шишкин мақбара ташқи кўринишининг ён томонидан схемали расмларини тушириб олган. Лекин экспедиция бу ёдгорлик устида махсус тадқиқот олиб бормаган. 1942 йилга келиб бу мақбара қурилиши услуби тарихчи олим А. К. Писарчик томонидан махсус ўрганиб чиқилган. Писарчик Кармана ёдгорликларига бағишлаб “Памятники Кармине” рисоласини ёзган. Мақбарани ҳар томонлама текширган археолог олимлар мақбара X аср охири – XI аср бошларида бунёд этилган, деган хулосага келганлар. Мақбара квадрат шаклида қурилган. Унинг пештоқида “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм” деб ёзилган битик бор.


Манзил: Кармана тумани, Мирсаид Баҳром МФЙ