Лангар ота

масжиди ва мақбараси

Лангар ота меъморий мажмуаси Қамаши туманидаги Лангар қишлоғининг қадимий қабристонида жойлашган. Масжид ва мақбаралар ХV асрнинг охири ва ХVI асрнинг бошларида бу ерда жуда катта обрў-эътибор ва салоҳиятга эга бўлган «Катта лангар шайхлари» фаолияти давомида қурилган. Ўз даврида катта шайхларни зиёрат қилиш ва суҳбатларида бўлиш учун деярли бутун Мовароуннаҳрдан муридлари келган. Шайхларнинг энг машҳури Муҳаммад Содиқ Ишқий (1460-1545 й.) ҳозиргача сақланиб келган масжид ва кейинчалик мақбаранинг қурилишида раҳбарлик қилган. Баъзи манбаларда масжид бир кечада барча лангарликлар томонидан қуриб битказилган, дейилса, баъзиларида узоқ муддат ичида чорвадор бойнинг пулига қурилган дейилади. Кўпчилик орасида Муҳаммад содиқ «Лангар ота» номи билан танилган. Мақбарада Муҳаммад Содиқнинг отаси шайх Абул-Ҳасан Ишқий (1491 йилда вафот этган), ўғли (1560 йилда вафот этган) ва унинг ўзи дафн этилганлар. Мақбара қабр тошларидаги ёзувларда бу авлод вакиллари ҳақида баъзи маълумотлар сақланган, шунингдек мақбара исми кўрсатилмаган Темур авлодидан бўлган шаҳзоданинг ҳам қабр тоши мавжуд. Лангар ота масжиди иккита катта хонақоҳ ва узун очиқ айвонлардан иборат йирик қурилмадир. Масжид Ўрта Осиё тоғли ҳудудига хос икки хонақоҳли, олди пешайвонли. Айвон саҳнига икки қатор қилиб баланд ўймакор устунлар ўрнатилган. Шипига анъанавий тартибда тоқи терилиб, тўсин ва вассалари чиройли (гуллар солиниб) бўялган, улра кичик хонақоҳда 4 устунга, катта хоанқоҳда 5 устунга таянган. Кичик хонақоҳ анча қадимий, Унинг қўҳна девори синчли бўлиб, кейинроқ унга туташтириб катта хонақоҳ ва умумий пешайвон солинган. Меҳроб ичидаги безакли ёзувларда 1519-20, 1562-63, 1748 ва 1807-08 йиллар (қурилган ва таъмир қилинган саналар) сақланган. Катта хонақоҳнинг зеб-зийнатидаги таъсирчанлиги кошинкори безакларидаги гулларидадир. Меҳроб ва деворидаги нақш безаклари яхши сақланган. Изора жиякларида қора заминга сариқ ва ҳаворанг кошин парчалари ёпиштирилган, кўк, ҳаворанг ва оқ ҳошиялар берилган. Изоралар сатҳи 3 хил тузилишда юлдузчали гириҳлар ва қора рангли саккизликлар билан қопланган, ўртасига тилларанг бўёқлар ишланган. Қуйи қисми асосий сатҳдан кулранг мармарли силлиқ ҳошиялар билан ажратилган, зарҳал билан қопланган. Масжиднинг юксак маҳорат билан ишланганлиги унинг деразаларидаги ўйма ганж панжаларидан, устунлари, мармар пойустун ва бошқалардан ҳам маълум. Масжид безакларидаги ёзувларга кўра, қурилишнинг асосий қисми 1519 йилда тугалланган. Бироқ ўймакор эшик ва устунларда кўрсатилган 1748 ва 1807 йиллар масжидда Бухоро хўжалари томонидан таъмир ишлари амалга оширилганлигидан далолат беради. Лангар ота мақбараси ҳам ўзига хос услубда қурилган бўлиб, хочсимон катта хонақоҳ, тўртта арк ва улкан гумбаз билан ёпилган. Мақбара (10х12,5 м) пештоқ гумбазли, бир хонали (5,2х5,2 м), тўрт томонлама кесишган равоққа таянган. Қалқонсимон бағаллари тўрсимон, токчалари муқарнас нақшли, равоқлари икки қаватли рангли ўйма ганж билан қирма усулида безатилган. Мақбара сиртига ғиштлар “бандак” ва “мавж” услубида терилган.


Манзил: Чироқчи тумани, Чироқчи қишлоғи