Норинжон бобо

мақбараси

Элликқалъа туманидаги X–XIV асрларга мансуб меъморий мажмуа. Қадимий қалъа ўрнидаги қабристон марказида қум барханлари орасида барпо этилган. Умумий майдони 15,3 x 15,3 метр бўлган ушбу мажмуа уч гумбазли – шайх Норинжон бобо мақбараси (X аср), зиёратхона (XIII аср), Шарқий мақбара (XIV аср) дан иборат. Марказда жойлашган даҳма сиркори ғишт ва ўйма ёзувлар билан пардозланган. Биноларнинг тартибсиз жойлашиши ва археологик қазишмалар даврида топилган қолдиқлар ушбу мажмуа бир вақтда барпо этилмаганлигидан далолат беради. Куйдирилган қизғиш-жигарранг гил билан силлиқланган. Норинжон бобо мақбарасининг ғарб томонида араб ёзувидаги битик ва саналар бор. Унда, «Бу – оқил, обид, Оллоҳ йўлида мангу рўзадор, Оллоҳ кароматини ерда пайдо этувчи, машҳур – Муҳаммад ибн Мусо ибн Довуд Абу Абдуллоҳ ан-Норинжонийнинг қабридур. Оллоҳнинг унга ва унинг дўстларига раҳмати бўлсин. 712 йил» деб ёзилган. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, мажмуа икки бор қум барханлари тагида қолиб кетган. Охирги марта 686 ҳижрий йили вафот этган Шайх Мухтор Валий мажмуани қум орасидан ажратиб, қайта таъмирлатган. Норинжон бобонинг туғилган йили маълум эмас. У XIII–XIV аср орасида яшаб ўтган. Шахси ҳақида ҳам аниқ маълумотлар сақланмаган.