Амир Темур

мақбараси

Самарқанддаги бу меъморий ёдгорлик (XIV аср охири – XV аср боши) халқ орасида Гўри Амир, Гўри Мир (Мир Саййид Барака) деб номланиб келинади. Мақбарага Амир Темур, унинг пири Мир Саййид Барака, Темурнинг ўғиллари – Умаршайх, Мироншоҳ ва Шоҳрух, набиралари – Муҳаммад Султон, Улуғбек ва бошқалар дафн этилган. Бобурнинг таъкидлашича, дастлаб Темурнинг набираси Муҳаммад Султон мирзо Самарқанд қалъаси жанубидаги Тошқўрғон–Чақарда мадраса қурдирган. 1403 йили Муҳаммад Султон фожиали ҳалок бўлгач, Амир Темур унинг хотирасига мақбара қуриш ҳақида фармон берди. Мақбара мадраса ҳовлисининг тўрида бунёд этилган. Бизгача асосан мақбара биноси ва унинг олдидаги пештоқли дарвозаси бор ҳовли сақланган. Археологик тадқиқотлар натижасида мақбара ҳовлисининг икки ёнидан Муҳаммад Султон қурдирган мадраса ва хонақоҳ қолдиқлари топилган. Мадраса ва хонақоҳ чорси ҳовлининг шарқий ва ғарбий томонларини эгаллаган. Ҳовлининг жанубида гумбазли мақбара жойлашган. Мақбарага жанубдан Улуғбек қурдирган долон (1424) орқали кирилади. Мақбаранинг чортоқ тарҳли зиёратхонаси баланд тоқи равоқли. Зиёратхона ўртасидаги мармар панжара билан ўралган ҳазира саҳнига қатор қабртошлар қўйилган. Юқориси (тўри)да Темурнинг ҳарбий юришларида унга ҳамроҳ бўлган ва унинг юксак ҳурматига сазовор бўлган Мир Саййид Барака сағанаси жойлашган. Саййид Барака қабрининг оёқ томонига Темурнинг ўзи дафн қилинган. Унинг уч томонида Муҳаммад Султон, Мироншоҳ, Умаршайх қабрлари бор. Кейинчалик бу ерга Темурнинг набиралари ва эвараларининг қабр тошлари қатъий тартибда жойлаштирилган. Темур сағанасига қўйилган кўк яшил қабртошини Улуғбек Мўғулистонга қилган юриши вақтида келтирган. Тошдаги лавҳада Темурни улуғлайдиган сўзлар, унинг шажараси ҳамда марсиялар ўймакор ёзувларда битилган. Ҳамма сағаналар Улуғбек томонидан яхлит ўйма мармар панжара билан ўралган. Зиёратхонанинг шарқий қисмидаги равоқдан зина орқали остки қаватдаги гўрхонага тушилади. Гўрхона саккиз қиррали. Ундаги сағаналар юқори қаватда қандай жойлашган бўлса, бу ерда ҳам шу тартибда жойлашган. Зиёратхонадаги қабртошларнинг ҳар бири юксак санъат асаридир. Зиёратхона серҳашам безакларга бой. Бўртма безак кундаллар заминига ложувардранг гуллар ишланган. Изораси яшил тошдан гириҳ шаклида терилган. Тўртта чуқур равоқлардаги дарчаларга ўша вақтда рангли ойна ўрнатилган. Олтин ва кумуш қандиллардаги шамлар ёнганда зиёратгоҳ ичкариси улуғвор ва афсонавий тус олган. Ташқариси сиркор ғиштчалар билан безатилган. Гумбаз ва унинг пойидаги безаклар, турли арабий ёзувлар алоҳида кўзга ташланади. Мақбара дарчаларида ёғочдан ишланган нафис панжаралар, эшикларида эса мураккаб қўш заминли ўймакор безаклар бўлган. Мақбаранинг ғарбий томонига баланд пештоқ ёндошган. Тахминларга кўра, бу пештоқ қолдиқлари XVII асрга мансуб. Мақбаранинг мутаносиблик нисбати, нақшлари, турли безаклари катта маҳорат билан бажарилган. Ташқи пештоқ дарвозасининг тепасида меъмор-уста «Муҳаммад бинни Маҳмуд ал-Банно Исфаҳоний» номи сақланиб қолган. Кейинчалик мақбара бир неча бор таъмирланди, гумбази қайта тикланиб, хонақоҳ ва мадраса қолдиқлари кавлаб топилди, ички ва ташқи безаклар таъмир этилди. 1941 йили Амир Темур ва Улуғбек қабрлари очиб текширилди. Антрополог М. Герасимов уларнинг бош суяклари асосида бюстларини яратди. А. Семёнов Амир Темур қабридаги ёзувларни 1948 йили тўла-тўкис ўқиб, таржима қилди. Меъморий мажмуада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1991–1996 йиллари таъмир ишлари олиб борилди. Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда Амир Темур ҳайкаллари ўрнатилди. Мақбара XV аср меъморлигининг юксак намунаси сифатида қимматлидир.