Бибихоним

масжиди

Бибихоним масжиди номи юилан аталиб келаётган бу обида Марказий Осиё меъморлик санъатининг классик намунасидир. Амир Темур Ҳиндистонни забт этгани шарафига 1399–1404 йилларда қурдирган. Бибихоним масжиди ҳовлисининг сатҳи 63,8х76,0 метр бўлиб, тўрт томонидан равоқ ва пештоқлар билан ўралган. Масжиднинг умумий сатҳи 167х109 метр, бурчакларида баланд миноралари бўлган. Бино зилзилалар таъсирида аста-секин емирилиб, вайрон бўлган. Фақат шимоли-ғарбий миноранинг пастки қисмигина сақланиб қолган (баландлиги 18,2 метр). Ҳозир обида бир-бири билан боғланмаган олтита меъморий бўлакдан иборат. Илгари бу бўлаклар уч қатор оқ мармар устунли, енгил равоқли бостирма – айвонлар билан бирлашган ва улар тепасида гумбазчалар (400та) бўлган. Устунлар 480та (оралиғи 3,5 метр) бўлиб, тагкурсили, танаси ўйманақш, тепаси калла муқарнаслар билан безалган. Ҳовли ўртасида мармар тошдан ясалган улкан лавҳ (Қуръон қўйиб ўқиладиган махсус курси) бўлган, у дастлаб асосий бино ичида турган (1875 йили катта гумбазнинг қулашидан хавфланиб, ҳовли ўртасига чиқарилиб қўйилган). Атрофига нафис ҳошиялар чизилган, муқарнаслар, ўсимликсимон нақшлар ва ёзувлар билан безатилган лавҳ Амир Темурнинг набираси Улуғбек фармонига биноан XV аср ўрталарида ясалган. Унга «Султони азим, олийҳимматли хоқон, дин-диёнат ҳомийси, ҳанафия мазҳабининг посбони, аслзода султон, Амир ул-мўъминин Улуғбек Кўрагон», деб битилган. Масжиддаги кўпқиррали юлдузлар, уч қаватли хатлар ўйилган лавҳалар жажжи муқарнаслар билан безатилган, ҳошиялар оқ тошдан йўнилган. Тарихнавис Ибн Арабшоҳ шаҳодат беришича, жомеъ масжиди маҳобатидан ҳайратга тушган замондошлари «обидаларимиз авлодларга бизнинг кимлигимиздан дарак беради», деб ғурурланган эканлар. 1868 йили подшо Россияси қўшинлари Самарқандни қамал қилганда Жомеъ масжиди тўп ўқидан вайрон бўлган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ўтмишимизнинг бошқа меъморий ёдгорликлари қатори Жомеъ масжидни ҳам тиклашга алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш» ҳақидаги қарорига биноан меъморий мажмуада таъмир ишлари олиб борилмоқда.