Имом ал-Мотуридий

мақбараси

Калом илмининг асосчиларидан бири, ҳадис ва фиқҳ равнақига улкан ҳисса қўшган йирик аллома, буюк ватандошимиз Абу Мансур ал-Мотуридий илмий-диний меросининг халқимиз маънавий-руҳий ҳаётидаги ўрни беқиёсдир. У Ислом оламида «Имом ул-ҳуда» ва «Имом ул-мутакаллимин» (Ҳақ йўлида ҳидоятга бошловчи имом, Калом олимларининг имоми) деган шарафли номлар билан машҳур бўлган. Манбаларнинг далолат беришича, Мотуридий фиқҳ ва калом илми билан ёшлигидан қизиқиб, Имоми Аъзам мазҳаби олимларидан таҳсил олган. Кўплаб машҳур фақиҳ ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлган, бутун умри давомида шу соҳага оид кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. «Китоб тавҳид», «Китоб мақомат», «Китоб таъвилот ал-Қуръон» асарлари шулар жумласидандир. Ислом дини равнақига муносиб ҳисса қўшган, эътиқод ва калом илмларининг асосчиларидан бири сифатида юртимиз довруғини дунёга таратган шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мотуридий хотирасини тиклаш мақсадида ҳукуматимизнинг қарорига биноан 2000 йили буюк алломанинг 1130 йиллигини кенг нишонлаш муносабати билан у зот дафн этилган жойни аниқлашга қарор қилинди. Ишончли манбаларга таянган ҳолда, шайх ҳазратнинг қабри Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристони эканлиги аниқланди ва бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Уламолар кенгашининг фатвоси эълон қилинди. 1999 йил 9 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг Имом Абу Мансур ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин 2000 йили Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристони ўрнида буюк алломанинг улуғвор мақбараси ва обод зиёратгоҳи бунёд этилди.


Манзил: Самарқанд шаҳар, Ғиждувон кўчаси, 4-уй