Махдуми Аъзам

мақбараси

Самарқанднинг шимоли-ғарб тарафида, Оқдарё ва Қорадарё оралиғида жойлашган Даҳбед қишлоғида XVI асрда яшаб, ижод этган аллома Махдуми Аъзам қабри бор. Мазкур қабр атрофида барпо этилган зиёратгоҳнинг жанубида масжид, шарқий томонида дарвозахона, чиллахона, ҳужралар жойлашган. Масжид ёнида ғиштин иморат ва ҳовуз мавжуд. Самарқанд ҳукмдори бўлган Ялангтўш баҳодир ва унинг яқинларининг даҳмалари ҳам шу манзилда. Мовароуннаҳрлик буюк диний арбоб, нақшбандия тариқатининг раҳнамоси ва назариётчиларидан бири Махдуми Аъзамнинг тўлиқ исми – Саид Аҳмад Хожагий ибн Саид Жалолиддин Косоний Даҳбедийдир. У Фарғона водийсининг Косон шаҳрида таваллуд топган. Махдуми Аъзам илк таълимни Косон мактабларидан бирида олиб, сўнг Ахсикатда Хожа Муборак мадрасасида ўқишни давом эттирган. Мадрасани битирган Аҳмад Косоний Шайх Мирсаид Алига шогирд тушади. 1491–1492 йилларда устози билан Ҳиротга сафар қилиб, у ерда таниқли аллома ва шоир Абдураҳмон Жомий билан учрашади. Махдуми Аъзамнинг тасаввуф таълимотига оид фикрлари нақшбандия назариясига асосланган. Аллома фикрича, нақшбандия тариқати уч зарурий қоидага бўлинган: иҳвон (биродарлик), макон (ўрин-мавқеъ), замон. Унинг илмий мероси бой бўлиб, у нақшбандия тариқатини янада ривожлантиришга баракали ҳисса қўшган. Буюк пирнинг қаламига мансуб адабий, тарихий, фалсафий, диний ва маънавий мавзуларга бағишланган 30дан ортиқ рисолалар ҳозирда ЎзРФА Шарқшунослик институти хазинасида сақланмоқда.


Манзил: Оқдарё тумани, Даҳбед маҳалласи