Руҳобод

мақбараси

Самарқанддаги бу меъморий ёдгорлик (XIV аср охири) шайх Бурҳониддин Соғаржий мақбарасидир. Халқ ўртасида Руҳобод мақбараси номи билан машҳур. Амир Темур мақбарасининг шимолида жойлашган. Ташқи томонлари деярли безаксиз. Унинг ичи кенг, шифти баланд, деворлари ганч сувоқли, ички безаклари ҳашамдор ва поли ғиштли. Гумбази 7 равоққа таянган. Мақбара ичига равоқ дарчаларидан бироз ёруғ тушиб туради. XV асрда мақбарадан Амир Темур мақбарасига тош йўл бўлган. XIX асрда унинг олдида масжид, минора, дарвозахона қурилган. Ҳозир улардан фақат минора ва дарвозахона сақланиб қолган. 1907 йили зилзила туфайли Руҳобод мақбараси деворлари дарз кетган, гумбази шикастланган. Кейинчалик ичи ва гумбази таъмирланиб, асоси мустаҳкамланган. Шайх Бурҳониддин Соғаржий X асрда Сомонийлар даврида яшаб ўтган. Насл-насаби Ҳазрати Умар ибн Ҳаттобга боради. Макка, Мадина, Бағдод шаҳарларида бўлган. Тасаввуф намояндаларидан, валийлик даражасидан ҳам ўтиб қутблик поғонасигача кўтарилган. 10 нафар фарзанди бўлган. Хитой музофотида вафот этган. Жасади Самарқандга келтирилган. Амир Темур ўзига маънавий пир деб қабул қилган. Ҳозирги гумбазли мақбарада Шайх Бурҳониддин Соғаржий ва фарзандларининг қабрлари бор. Мақбара атрофида мадраса ва масжид бўлган. Мадраса Амир Темур юбилейи арафасида қайта тикланган.


Манзил: Самарқанд шаҳар, Оқсарой кўчаси, 1-уй