Тиллакори

мадрасаси

Тиллакори мадрасаси Регистон мажмуасида энг кейин қурилган бино. Улуғбек даврида қурилган Мирзойи карвонсаройи ўрнига 1646–1647 йиллари Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий Баҳодир фармойишига кўра, мадраса ва жомеъ масжидга мўлжаллаб қурилган. У Регистон мажмуасидаги Улуғбек мадрасаси ва Шердор мадрасаси билан мувозанатлаштириб бунёд этилган. Ялангтўш Баҳодир ҳам Улуғбек Мирзо қурдирган бу мажмуанинг тузилишини бузмаган ҳолда, Шердор ва Тиллакори мадрасаларини қурдирди. Тиллакори мадрасасининг масжиди ичига сарфланган олтиннинг ўзига бир катта обида қуриш мумкин бўлган. Шунинг учун ҳам мадраса Тиллакори яъни, «Тиллодан ишлов берилган» деб аталган. Мадраса ҳовлисининг ғарбидаги масжид хонаси икки ёнидаги равоқли гумбазлар галереяси туфайли кенг кўринади. Хона тўрида мармар қопламали меҳроб, ўнг тарафида мармар зинапояли минбар бор. Хона ўз пайтида зарҳал нақшлар билан безатилган. Аслида кичик мадраса бўлган бино шу сабабдан кейинчалик Тиллакори мадрасаси номини олган. Самарқанд шаҳрининг ифтихорига айланиб қолган кўплаб тарихий меъморий обидаларнинг бунёдкори амир Ялангтўшбий Баҳодир Самарқанд тарихида ўчмас из қолдирган машҳур ҳокимлардан биридир. Ялангтўш Баҳодир даврида Самарқандда маданият ниҳоятда ривожланиб, кўплаб обидалар қурилди. Ундан ўрнак олган сарой аъёнлари мадрасалар, масжидлар қурардилар. Подшоҳликдан кўра бинокорлик ишларини жуда афзал кўрган Ялангтўш Баҳодир 1656 йили вафот этади. Васиятига кўра, уни Даҳбеддаги Махдуми Аъзам зиёратгоҳига дафн этишади.


Манзил: Самарқанд шаҳар, Регистон