Улуғбек

мадрасаси

Самарқанддаги Регистон мажмуасининг муҳим қисмини ташкил этадиган Улуғбек мадрасаси 1417–1420 йиллари Регистон майдонига қаратиб қурилган. Олд томонида улкан пештоқ, тўрт томонида тўртта минора бўлиб, тўрт гумбазли деярли чорсу ҳовли икки қаватда жойлаштирилган 50 ҳужра билан ўралган. Ҳар бир ҳужра уч хонадан иборат. Бинонинг ички ва ташқи томони кошин ва сирли парчин билан нафис безатилган. Ҳовлига ён томонлардан ҳам кирилади. Бинонинг тўрт томонида тўртта дарсхона бор. Самарқанд сайқалининг кўрки ҳисобланган Регистон майдони Улуғбек Мирзо даврида вужудга келган. Улуғбек бу майдонда мадраса, хонақоҳ ва карвонсарой каби уч бинодан иборат ўзига хос обидалар мажмуасини яратган эди. Давр ўтиши билан мазкур мажмуадаги хонақоҳ ва карвонсарой емирилиб, фақат Улуғбек мадрасасигина сақланиб қолди.


Манзил: Самарқанд шаҳар, Регистон