Улуғбек

расадхонаси

Улуғбек – асл исми Муҳаммад Тарағай (1394 йил 22 март – 1449 йил 27–29 октябр) – буюк ўзбек астрономи ва математиги, давлат арбоби, Темурнинг набираси. Ўрта Осиё халқлари илм-фани ва маданиятини ўрта аср шароитида дунё фанининг олдинги сафига олиб чиққан олимлардан биридир. Мовароуннаҳрда Улуғбекнинг ҳомийлик даврида (1409–1449) Самарқанд янада гуллаб–яшнади; ҳунармандлик, меъморлик, адабиёт равнақ топди, илм-фан юксалди, савдо ривожланди. Улуғбекдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муҳим ҳисса бўлиб қўшилган катта илмий ва маданий мерос қолган. Шулардан бири Улуғбек расадхонасидир. Самарқанддаги XV аср меъморлигининг нодир намуналаридан биридир. Бино Улуғбек фармони билан 1424–1429 йиллари Кўҳак (Чўпон ота) тепалигида, Обираҳмат ариғи бўйида бунёд этилган. Расадхона цилиндр шаклида уч қаватли, баландлиги 30,4 метрдан иборат улкан бино. Унинг асосий қисми радиуси 40,2 метрли гигант секстант (баъзи манбаларга кўра квадрат) бўлган. Секстантнинг жанубий қисми ер остида жойлашган, қолган қисми шимол томонда ер сатҳидан 30 метр баланд. Расадхона ўрта асрларда асбоб-ускунаси жиҳатидан ҳам беқиёс бўлган. Шарқ астрономиясида муҳим аҳамиятга эга бўлган «Зижи Кўрагоний» асари шу ерда яратилган. Қурилишга замонасининг машҳур олимлари–астроном, математик, меъморлар жалб қилинган. 1908 йили археолог В.Л.Вяткин (1869–1932) ўзбек олими, Шайбонийхон мадрасасининг мударриси Абу Саъид Махзумнинг улуғ хизмати ёрдамида, у билан биргаликда харобага айланган расадхона қолдиқларини тарихий ҳужжатлар асосида топди. Шундан кейин у ўрганила бошланди. Узоқ ва синчиклаб текшириш натижасида расадхона цилиндр шаклида бўлганлиги аниқланди. Унинг катта заллари, турли катта-кичик хоналари бўлган. Бобурнинг ёзишича, Улуғбек расадхонасининг сирти кошин ва сирли парчинлар билан безатилган. Расадхона ичига ўрнатилган жуда катта асбоб ёрдамида қуёш, ой, сайёра ва юлдузлар катта аниқлик билан ўрганилган. Расадхонада кутубхона ҳам бўлган. Ички деворда осмон тасвири, юлдузлар харитаси, тоғ, денгиз, мамлакатлар белгиланган Ер шари тасвири ишланган. Ҳозир Улуғбек расадхонасидаги секстантнинг ер остида сақланиб қолган қисми баландлиги билан 11 метр келади. 1964 йили Улуғбек расадхонаси ёнида Улуғбек музейи очилган.