Хожа Аҳрор Валий

даҳмаси

Хожа Аҳрор Валий даҳмаси Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги Улуғбек қишлоғида жойлашган меъморий ёдгорликдир. XV асрга мансуб бу даҳма Хожа Аҳрор Валий қабри яқинида жойлашган. Мажмуа турли даврларда бунёд этилган мадраса, масжид, минора ҳамда ҳовуздан иборат. Мадраса тўртбурчак ҳовлисининг атрофи ҳужралар билан ўралган. Масжид биноси синчли, тўғри тўртбурчак тарҳли, ёғоч устун-тўсинли. Миноранинг олд томонидаги атрофи чинорлар билан ўралган ҳовуз ҳам даҳмага уйғун тарзда барпо этилган. Мадраса Нодир Девонбеги деб аталади. У 1630–1631 йиллари аштархонийлардан Нодир Девонбеги маблағига қурилган. Хожа Аҳрор Валийнинг асл исми Хожа Убайдуллоҳ бўлиб, у зот 1404 йили Шош вилоятининг (ҳозирги Тошкент вилояти) Бўстонлиқ тумани Боғистон қишлоғида дунёга келган. Насл-насаби X асрда Бағдодда яшаган Муҳаммад Номий Бағдодийга бориб тақалади. Номий ҳазратлари ўша даврнинг машҳур уламоларидан Абу Бакр Қаффоли Шоший билан кўришиш мақсадида Бағдоддан Шошга келади. Сўнг шу ерда турғун бўлиб қолади. Хожа Аҳрорнинг ота-боболари шу зотнинг авлодлари ҳисобланади. Оналари Хожа Довуднинг қизи, Хожа Довуд эса Шайх Хованд Таҳурнинг ўғлидир. Шайх Хованд Таҳурнинг отаси эса, Шайх Умар Боғистонийдир. Умар Боғистоний ҳазрати Баҳовуддин Нақшбанднинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлган машҳур зотлардан. Тоғаси Хожа Иброҳим мадрасаларда илм таҳсил қилган киши эди. Шу боис жияни Хожа Аҳрорнинг таълим-тарбиясига катта аҳамият беради. Уни Самарқандга ўқишга олиб боради. Бу ерда Хожа Аҳрор ҳазратлари машҳур шайх ул-ислом Мавлоно Фазлуллоҳ ибн Абдулвоҳид Абулайсий Самарқандий хонақоҳига жойлашиб, ўша даврнинг машҳур алломаларидан таълим-тарбия олди. Абдураҳмон Жомийнинг устозларидан Саъдиддин Кошғарий билан дўстлашди. Султон Абу Саид 1451 йили Хожа Аҳрорни доимий равишда Самарқандда яшашга таклиф этди. Бу даврда Хожа Аҳрор Самарқанд аҳли орасида катта обрўга эга эди. Оддий фуқаро ҳам, акобир ҳам шайхни ўзларига пуштипаноҳ деб биларди. Хожа Аҳрор Валий жуда катта ер-сув, мол-мулкка эга бўлиб, мамлакатнинг бутун ички ва ташқи сиёсий ҳаётида етакчи ўрин тутди. Абу Саид (1451–1469), сўнгроқ Султон Аҳмад (1469–1494) ҳукмронлиги даврида Хожа Аҳрор Валий мавқеи айниқса кучли бўлган. Сарой ишлари амалда Хожа Аҳрор қўлида эди. Султонлар ўз давлатларини Хожа Аҳрор маслаҳатларига таяниб идора этганлар. Хожа Аҳрорнинг юксак мавқега эришишида устозлари Баҳовуддин Умар, Шайх Зайниддин, Ёқуб Чархий каби зотлардан олган таълим-тарбияси муҳим аҳамиятга эга бўлган. Хожа Аҳрор 1490 йилнинг 21 февралида фоний дунёдан боқий дунёга сафар қилди. У зотдан Хожа Абдуллоҳ, Хожа Калон ва Хожа Муҳаммад Яҳё исмли фарзандлар қолгани манбаларда қайд этилади. Ўзбек адибларидан Бобур, Убайдий кабилар ҳазрати Хожа Аҳрор Валийга ниҳоятда ихлосманд эдилар. Мирзо Бобур «Бобурнома» асарида ҳазрати Хожа Аҳрорга бўлган ҳусни таважжуҳ муносабатларини алоҳида меҳр билан ифода этган. Хожа Аҳрор Валийнинг «Рисолаи Волидиййа» асарини форсийдан ўзбек тилига ихлос билан шеърий таржима қилган. Алишер Навоий ул ҳазратни бундай тавсифлаганди: Улки бу офоқ ичра тоқ эрур, Тоқ неким, муршиди офоқ эрур. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан 2004 йили Хожа Аҳрор Валий таваллудининг 600 йиллиги кенг нишонланди.


Манзил: Самарқанд шаҳар, Хўжа Аҳрор Валий кўча