Хўжа Абду Берун

зиёратгоҳи

Хўжа Абду Берун Халифа Усмон (р.а.) авлодидан, арабларнинг “Абду” қабиласига мансуб бу зот Самарқандга Халифа Усмон (р.а.) ибн Саййид ва Қусам ибн Аббос (р.а.) билан бирга келган. Улар самарқандликларни Ислом аҳкомларига йўллаганлар. Усмон ибн Аффон (644 – 656 йилларда халифалик қилган) Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг қизлари Руқия ва Умма Кулсумни ўз никоҳларига олади. Шунинг учун Усмон ибн Аффон “Зуннурайн” икки нур соҳиби лақаби билан шарафланган. Усмон ибн Аффон ва Руқиялар бир ўғил ва бир қиз кўришади. Улар қизларини Қурайш қабиласидан бўлган Хўжа Муҳаммад Пай Бараҳна деган йигитга никоҳлаб беради. Улардан Хожа Абду Берун дунёга келади. Халифалик Хўжа Абду Берунни Самарқандага қози этиб тайинлайди. Самарқанддаги Хўжа Абду Дарун эса Хўжа Абду Беруннинг ўғилларидир. Айтишларича, Искандар Зулқарнайн барпо этган қалъа – “Девори қиёмат”дан ташқарида қабр бўлгани учун Хўжа Абду Берун деб юритилади. Хўжа Абду Берун қабри Қавчинон маҳалласидадир. 17 асрда Бухоро хонлиги бош вазири Нодир Девонбеги Хўжа Абду Берун қабри устига хонқоҳ ва бир неча ҳужра солдирган.