Хўжа Абдударун

мажмуаси

Хожа Абдударун хонақоҳи Самарқанд қалъа деворининг жанубида жойлашган. XVI аср тарихий ёдгорлиги. Кўҳна қабр ёнига тоқу равоқли хонақоҳ-масжид, ўртасига жамоатхона, атроф бурчакларига ҳужра ва зиналар қурилган. Қўшқават сиркор гумбаз, пойгумбаз ва деворлар сиркор ғиштлар ва кошинкор нақшлар билан безатилган. Жамоатхонанинг уч томонидан эшиклар очилган. Меҳроб оддий, хонақоҳ эса хушбичим, содда ва файзли зиёратгоҳ. Унинг ёнбошида авлиё мозори бор. Катта ҳовли саҳнида супа, ҳовуз ва дарвозахона кўзга ташланади. Самарқанд қалъа деворининг шарқий томонида (дорун–ичкари) жойлашган қадимги зиёратгоҳ. IX асрда яшаган аллома Абд Маъзиддин қабри атрофида турли бинолар пайдо бўлиб, меъморий зиёратгоҳга айланган. Марказида энг йирик бино–хонақоҳ (XV аср) бор. Унинг пештоқи, гумбази ва девори безаклари Улуғбек даври меъморлиги маҳсули эканлигидан дарак беради. Зиёратхона–жамоатхона масжид вазифасини ўтаган. Хонақоҳнинг ичида авлиёнинг мақбараси бор. Таъмирлаш натижасида мақбара биносининг дастлабки қиёфаси ўзгариб кетган. Ҳовли ўртасидаги сарҳовуз чашмабулоқ устида бўлгани учун ҳам унинг суви қишин-ёзин бир хилда сақланган, аҳоли орасида шифобахш ҳисобланган. Ҳовли атрофидаги ҳужралар ва ғарб томондаги жомеъ масжид XIX асрга оид. Масжид безаклари орасида усталар номи битилган. Хўжа Абдударун падари бузрукворининг номи Хўжа Абдуқодир ас-Саид (Хўжа Абдуберун) бўлиб, ул зот ҳазрати Усмон(роз.анҳу)нинг куёви эди. Ул киши Ҳазрат Усмон ёрлиғи билан Самарқандда ҳукм сурди ва Ҳазрати Усмоннинг Мусҳафи Қуръонини Самарқандга келтирди. Хожа Абдударунни Хожан Кунж деб ҳам атардилар, шу сабабданки, ул киши ўтирган ердан ҳамиша ганжу олтин чиқар эди. Хожа Абдударун Самарқанд вилоятида вафот этган ва неча вақтларгача у кишининг қабридан «Фотиҳа» сурасини ўқиган овозлар келар эди. Ҳазрати Хўжа алайҳирраҳма 247 ҳижрий йилининг зулқаъда ойида (милодий 861 йил майида) вафот этади. Ҳазрати шайх Абу Мансур Мотуридий айтган эканларки, бизнинг вафотимиздан кейин Ҳазрати Хожа Абдударуннинг ёнига дафн этингки, ул киши ярим фарсаҳ ергача атрофдагиларни ўз ҳимояларига олиб шафоат қилур ва биз ул кишининг шафоатларидан маҳрум бўлиб қолмайлик. Хожа Яҳё ибн Шайх Абулқосим Нишопурий, Хожа Зикриё, Шайх Абул Ҳасан Басрий, Шайх Абдулло Ансорий, Шайх Абу Лайс Самарқандий каби жами Самарқанд авлиёлари ўзларининг касбу ҳолларини ҳазрати Хожа Абдударуннинг руҳи пурфутуҳларидан олгандурлар («Қандия» китобидан).


Манзил: Самарқанд шаҳар, С.Айний кўчаси, 21-уй