Шердор

мадрасаси

Шердор мадрасаси Регистон мажмуаси таркибига киритилган обида. Мирзо Улуғбек хонақоси ўрнига Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий Баҳодир томонидан 1619–1636 йиллари қурдирилган. Бу мадраса Улуғбек мадрасасининг рўпарасида бир ўқ чизиғи бўйлаб жойлашган. Ўрта Осиё меъморлигида кўп учрайдиган қўш услубида қурилган. Уларнинг архитектураси бир-бирига жуда ўхшаш бўлса-да, Шердор мадрасаси қурилганда бинокорлик услубига хос кўп янгиликлар қўлланилган. Ранглар ўз ўрнига қўйиб ишлатилган ва паннолар ғоят нафис яратилган. Бино саҳни тўғри тўртбурчак икки қаватли. Ўртада катта ҳовли, атрофида ҳужралар жойлашган. Олд томони улкан пештоқ билан безатилган. Пештоқ равоғи тепасидаги тимпан диққатга сазовор: қизғиш зарҳал шер оқ оҳуни қувмоқда. Қуёш бодомқовоқ, қийиқ кўзли юз шаклида тасвирланиб, зарҳал тусли ёғду билан ҳошияланган. Бутун композиция зангори заминли бўлиб, феруза ва зарҳал бўёқлар бериб ишланган ҳамда бир-бирига чирмашиб кетган новдалар, очилган оқ гуллар жозибадор манзара ҳосил қилган. Мадраса пештоқига Ялангтўш Баҳодирни улуғловчи шеър битилган. Шердор мадрасасининг номи «Шер акси бор» деган маънони англатади.


Манзил: Самарқанд шаҳар, Регистон