Ҳазрати Хизр

масжиди

Темурийлар барпо этган биноларнинг салобатига завқ билан тикиламиз-у, шаҳар четидаги қўнғир тепаликларга эътибор бермаймиз. Худди шу ерларда афсонавий Афросиёб шаҳрининг қолдиқлари ётибди. Бу тепаликлар бўйлаб Искандар Зулқарнайннинг жанговар аравалари елиб-югурган. Эртакдагидек гўзал макон Сўғднинг пойтахтини Қутайба қўшинлари ва Чингизхон ўрдулари вайрон қилганлар. Қадим сўғдийларнинг саройларидаги босқинчи аскарлар йўқотишга улгурмаган улуғвор деворий суратлар ҳамон кўҳна Самарқандда бўлиб ўтган воқеалардан хабар беради. Ривоятларга кўра, истилочилар шаҳарни босиб олгач, кўҳна қўрғон – қалъани сувга ғарқ этиш учун Арзис анҳорини тўғон билан тўсмоқчи бўлганлар, шунда дафъатан оппоқ қуш учиб келганмиш. Аскарлар ваҳимага тушиб, тирқираб кетишибди, қуш эса ўзини тўғонга уриб, уни бузиб юборибди. Ана шу воқеадан сўнг Ҳузайманинг сафдошларидан бири – Муҳаммад ибн Васе Оҳанин дарвозаси яқинида сўғдийлар ибодат қиладиган маъжусийлар ибодатхонаси ўрнида биринчи – Ҳазрати Хизр масжидини қурдирган экан. Жаҳонгашта Хизрга сиғиниш удуми мусулмонларгача бўлган замонларга бориб боғланади, аммо ислом дини ҳам уни сув ва ўтлоқларнинг ҳомийси сифатида ўз муқаддас авлиёлари қаторига киритган. Шу туфайли қадим ўтмишда Шоҳи Зинда қабрини зиёрат қилиш удуми бошланган. Зотан, замонлардан–замонларга ўтган вайроналиклардан қайта-қайта қад ростлаган Сўғд боғларининг ҳайратомуз кўркамлиги, шарқироқ ариқларининг салқинлиги, бозорларининг тўкин-сочинлиги чиндан ҳам Ҳазрати Хизр ҳомийлиги шарофатидан деб қабул қилиниши мумкин. Бино қадимий масжид пойдевори устига XIX аср ўрталарида барпо этилган. Кейинчалик бинога қўшимча айвон (1899) ва дарвозахона (1919) қурилган.


Манзил: Самарқанд шаҳар, Воҳид Абдуллаев, 1-уй