Жарқўрғон

минораси

Жарқўрғон минораси Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Минор қишлоғида сақланган архитектура ёдгорлиги. Хуросон меъморлик анъаналари асосида яратилган бу минора саккиз қиррали пойдевор устига ярим айлана (граф) шаклида ўн олти қиррали қилиб қурилган. 20 метр баландликда айлана қирралар устида ёзувли белбоғ ишланган, унинг устида яна ярим айлана -қирралар давом эттирилган, лекин минора тугалланмаган. Миноранинг ҳозирги баландлиги 21,6 метр, қуйи қисмининг диаметри 5,4 метр. Пойдевор қирраларида уста Сарахслик меъмор Али ибн Муҳаммад эканлиги ва унинг қурилган йили ёзилган. Жарқўрғон минораси катта масжидга тегишли бўлиб, масжиднинг деворига қўшилмаган ҳолда алоҳида пишиқ ғиштлардан моҳирлик билан қурилган Ўрта Осиёдаги энг ноёб меъморий ёдгорликлардан биридир. Миноранинг асл кўриниши жуда баланд ва 16 та арча шаклдаги айланма устунлар билан безатилган. Тарихга мурожаат этилса, минора қурилиши Султон Санжар лойиҳаси билан (1108-1109 йиллар) бунёд этилган. Минора асл ҳолатини йўқотганига қарамасдан, ҳозирги кунгача баландлиги деярли сақланиб, тўлиқ меъморий обида ҳисобланади. Жарқўрғон минораси Жарқўрғон туманининг Алишер Навоий жамоа хўжалигида жойлашган. Ўрта Осиёнинг шу турдаги ёдгорликлари орасида Жарқўрғон минораси ҳозиргача жимжимадор ўн олтита тутам ярим устуни билан ажралиб туради. Бу устунлар қавариқ (қовурға) шаклида бўлиб, бундай юза горизонтал кесимдаги кўп япроқли гулга ўхшайди. +уйига туша борган сари қавариқлар гўё йиғилиб кетгандай туюлади. Юқори қисмида эса улар равоқчалар занжири ва энли эпиграфик ҳошия билан жипслашган. Минора асоси баланд саккиз қирралик курсига ўрнатилган. Ҳар бир қирранинг марказида хушбичим равоқли тахмонлар бор. Ана шу тахмонлардан фақат биттаси жануби-ғарбий томондаги тахмон дарчаси минора ички қисмидаги айлана зинага олиб чиқади. 1938 йилда минора дастлаб Термиз археологик экспедицияси томонидан тадқиқ этилади. Бунда иморатнинг пойдевори очилиб, унинг тупроққа кўмилиб кетиш хавфига чек қўйилади. 1948 йилда архитектор В.П. Петров раҳбарлигида таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижасида Жарқўрғон минорасининг асл қиёфаси деярли тикланди. Миноранинг баландлиги 50 метрга яқин бўлган деб тахмин қилинади. Ҳозирги баландлиги эса 21,6 метр, қуйи қисмининг диаметри 5,4 метр. Пойдевор қирраларида устанинг номи ва иншоатнинг қурилган йили ёзилган (меъмор Али ибн Муҳаммад ас-Сарахсий, 1108-1109 йилда қурилган).