Кўкалдош

мадрасаси

Мадраса биноси Бароқхон (Наврўз Аҳмадхон)нинг ўртанча ўғли Дарвешхоннинг вазири – Қулбобо Кўкалдош томонидан 1551 —1575 йилларда анъанавий меъморий услубда қурилган. Пештоқдан кираверишда чап томонда масжид, ўнг томонда усти гумбазли дарсхоналар жойлашган. Ҳовлиси кенг, атрофида ҳужралар ва очиқ айвон жойлашган. Ҳовли атрофидаги 38 ҳужра дарсхона ва масжид билан боғланади. Мадраса илгари 3 қаватли бўлган. Ҳозир шундан 2 қавати сақланиб қолган. XVII асрда Кўкалдош мадрасасидан омбор ёки карвонсарой сифатида фойдаланилган. 1886 ва 1946 йиллардаги зилзилалар натижасида бино анча шикастланган. Бир неча марта амалга оширилган таъмирлаш ишлари натижасида мадрасанинг ташқи кўриниши ўзгарган. Кўкалдош мадрасасининг биноси Темурийлар давридаги Мовароуннаҳрнинг меъморий қурилиш анъаналари ривожлантирилганлигига якқол мисолдир. У Ўзбекистоннинг энг муҳим меъморий ёдгорликлари сирасига киради.


Манзил:Чорсу бозор