Қалдирғочбий

мақбараси

Шайхонтоҳур қабристонининг шимолий томонида жойлашган бу мақбара қачон, ким томонидан қурилганлиги-ю, бу ерга ким ва қайси даврда дафн этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар сақланиб қолмаган. Фақат «Абдулланома» асарининг муаллифи Ҳофиз Тиниш Бухорийнинг берган маълумотига қараганда, Қалдирғочбий Хожа Аҳрор Валийнинг авлодларидан бўлиб, у Мўғулистонда ҳукмронлик қилган. Лекин, археологик маълумотларга қараганда ёдгорлик XIV асрда қурилган, деб тахмин қилинади. Албатта, ким, қачон кўмилганлиги номаълум обида тўғрисида турли хил ривоятлар тўқилиши табиий. Шу сабабли, ёдгорликнинг номи ҳам Қалдирғочбий, Қалдирғочбиби, Қалдирғочбой ва бошқа турли номлар билан аталиб келинган. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ёнига юридик институт қурилади. Мақбарадан турли мақсадларда фойдаланилади. Натижада, мақбарадаги ўрнатилган нақшинкор арабий ёзувли мармартош чиқариб ташланади. Шу билан қимматбаҳо маълумот изсиз йўқолади. 1966 йилда мақбара зилзила туфайли қаттиқ шикастланади, 1970 йилда таъмирланиб ўз ҳолига келтирилади.

Кейинги йилларда қозоғистонликлар, бу ерга Тошкентга 12 йил ҳукмронлик қилган қозоқ миллатига мансуб Тўлабий кўмилган деган даъвони қилмоқдалар. Бу соҳада кўп йиллардан бери изланиш олиб бораётган архитектура фанлари номзоди Абдужаббор Яҳёевнинг кузатишларича «қозоқ совет энциклопедияси»да ёзилишига кўра Тўлаб Алибек ўғли 1663 йил ҳозирги Жамбул вилоятида туғилган. 1756 йил Чимкент вилоятининг Лангар овулида вафот этган. 1972 йилги археологик изланишларда қайд этилишига кўра қабр очиб кўрилганда сағана остидан уч эркак ва икки аёлнинг суяклари чиққанлиги қайд этилган.