Қаффол Шоший

мақбараси

Ҳазрати Имом мажмуаси ҳақли равишда Тошкентнинг бош ёдгорлик мажмуаларидан бўлиб, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби мовароуннаҳрлик буюк алломалар орасида алоҳида ўрин эга бўлган зот Имом Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратлари номи билан боғлиқ. Замондошлари Ҳазрати Имом деб улуғлаган бу зотнинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший бўлиб, араб манбаларида у кишига алоҳида ҳурмат кўрсатилиб, номига “катта”, “улуғ” маъносини ифодалайдиган “кабир” сўзини қўшиб ёзадилар. Қаффол Шоший ҳижрий 291 (милодий 903) йили Шошда туғилиб,  болалиги ва ёшлиги шу ерда ўтган. Дастлабки илмни замонасининг машҳур муҳаддиси ва фақиҳи Ҳайсам ибн Кулайбдан олган. Кейинроқ у илм талабида Мовароуннаҳрдаги маърифат ўчоқлари – Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларда бўлади. Ўзидан олдинроқ яшаб, бебеҳо диний – илмий мерос қолдирган Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламои киромлар асарлари қунт билан ўрганган. Милодий Х асрда яшаган Қаффол Шоший ҳазратлари улуғ қомусий алломалардан бўлган. Ислом оламидаги обрў – эътибори ҳақида машҳур араб тарихчилари асарларида кўп яхши гапларни битиб қолдиришган. Жумладан, Ибн Халликон (1211-1282) “Вафоётул аъён” (“Улуғ кишиларнинг вафоти саналари”) китобида: “Абу Бакр Қаффол Шоший замонасининг имоми (пешвоси) бўлган. У фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик фанлари ва шеър санъати бўйича Мовароуннаҳрда олимлар орасида тенгсиз эди. У Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом ва Суғур (Шимолий Сурия)га сафар қилган, унинг донғи бу ўлкаларда кенг тарқалган”, деб қайд этади. Аллома моҳир ҳунарманд бўлиб, қулфсозликда ҳам катта шуҳрат қозонган. Шу боис “қаффол”, яъни қулфчи, қулфсоз деган ном билан танилган. Фиқҳ илмининг пешволаридан бўлган Қаффол Шоший ҳазратлари “Ал-Жадал ал-Ҳасан”, “Жавомеъ ал-Калим”, “Адаб ал-Қозий”, “Илм ал-Жадал”, “Маҳосин аш-Шариъа” каби кўплаб машҳур асарларни яратган. Аллома ҳижрий 366 (976/977) йилда вафот этган ҳамда шаҳар деворидан ташқарига, Кайковус каналидан сув олиб, обод бўлган ҳудудга дафн этилган. Кейинчалик унинг қабри атрофида қабристон юзага келган. Баъзи маълумотларга кўра, Қаффол Шоший вафоти даврида ҳозирги мақбарага ўхшаш қурилмани қорахонийлар ғиштдан тиклашган. Мўғуллар истеълоси даврида вайронага айланган мақбарани Соҳибқирон Амир Темур XIV асрда қайтадан бунёд этган. Ҳозирги ёдгорликнинг замин қисмлари X-XI асрларга, юқори қисми эса XIV-XVI асрларга хос бўлиб, Самарқанд услубида қурилган. Мақбаранинг асосий кириш эшиги устидаги ёзувдан ҳам маълум бўлишича, ёдгорлик 948 ҳижрий (1541-1542 милодий) йили Ғулом Ҳусайн исмли меъмор тарҳи асосида қурилган. Совет тузими даврида бошқа улуғларимиз қабрлари ва сағаналари каби, Ҳазрати Имом Абу Бакр Қаффол Шоший мақбараси ҳам ўта ташландиқ ҳолатга келган эди. Эндиликда бу ерлар таниб бўлмас даражада ўзгариб, жуда обод бўлди.


Манзил: Олмазор тумани, Қорасарой кўчаси, 47-уй Ҳазрати Имом МФЙ