Жума

масжиди

Жума масжиди X–XI асрларда бунёд этилган. Бу ҳақда илк маълумот X асрда Хоразмга келган араб сайёҳи Ал-Мақдисий ёзмаларида учрайди. Манбаларга кўра, Жума масжидининг дастлабки биноси бузилиб кетган ва ўрнига худди шу услубда 1788 йили каттароқ янги масжид қурилган. Масжиднинг минораси ҳам янгидан тикланган. Жума масжид бир қаватли, уни ўзига хос ўйма нақшли устунлар қўриқхонаси деса бўлади. Унда икки юз ўн икки устун бўлган. Ҳозирда мана шу нақшинкор устунлардан йигирма бештаси сақланган, қолганлари эса оддий устунлар билан алмаштирилган. Жума масжидининг аввалги устунлари Хоразмдаги турли бинолардан йиғиб келтирилган. Жума масжид архитектурасининг энг нодир томони ҳам унинг шу устунларидир. Устунлар пастдан юқорига қараб қадаҳсимон шаклда йўғонлашиб боради. Устун ўртаси куфий ёзуви билан нақшланиб, паст қисми жуда қалин, усти нисбатан сийрак ўйма нақшлар билан безатилган. Устунга ўсимликсимон нақшлар ишланган. Масжиднинг XII асрга оид устунларида аввалгиларининг шакл мутаносиблиги такрорланган. Бироқ нақшлар бирмунча қайта ишланган. Улардаги куфий ёзувлари барг ва гул нақшлари билан чирмаштириб юборилган. Жума масжид устунларида Хоразм халқ ёғоч ўймакорлигининг бой ижодий имкониятлари мужассамлашган. Жума масжиди Ичанқалъанинг қоқ марказида қад ростлаган.


Манзил: