Исломхўжа

мадрасаси ва минораси

ХХ аср бошларида қурилган Исломхўжа мадрасаси ва минораси виқор билан кўкка бўй чўзиб турибди. Минора ғоят гўзал кўринишда. Унинг яратилиш ташаббускори ва ҳомийси Асфандиёрхоннинг бош вазири Исломхўжа бўлган. Исломхўжа ўз даврининг фан, маданият, техника янгиликларига ғоят қизиқувчи давлат арбоби эди. У Хоразмни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторида кўришни истар, Ватанни ташқи дунё билан боғлашга интилган, илғор ғоялар билан тўлиб-тошган инсон эди. У Хива қадимий обидаларини сақлаш, таъмирлаш ишларига ҳам катта ғамхўрлик кўрсатган. Хонликни идора этишдаги хизматлари учун «Вазири акбар» унвони берилган; Хивада почта ва телеграф биноси, Нуриллабой саройи, Исломхўжа мадрасаси, мактаб ва касалхона қурдирган. Исломхўжа мадрасасининг олд томони икки қаватли, пештоқининг ён қанотларида икки қаватли равоқлар бор. Равоқлар тепаси ҳошиялар ва сиркор сопол билан безатилган. Бурчакларида минорасимон гулдасталар қурилган. Пештоқнинг орқа томонидаги кичик ҳовли бир қаватли ҳужралар билан ўралган. Мадрасанинг диққатга сазовор жойи шундаки, унинг жанубий-шарқида гумбазли, меҳроби кошин ва нақш билан безатилган масжид бор. Мадрасанинг олд томонида Хивадаги энг баланд чиройли минора қад кўтарган. Минора кўк ва яшил кошин билан нафис нақшланган, шаҳарнинг деярли ҳамма томонидан кўзга яққол ташланиб туради. 1908–1910 йилларда бунёд этилган тарихий обида – Исломхўжа мадрасаси ва минораси Хиванинг довруғини оламга таратиб, музей-шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб турибди.


Манзил: