Муҳаммад Раҳимхон

мадрасаси

Хивадаги Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси 1871 йили Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) томонидан барпо этилган. Муҳаммад Раҳимхони Соний мамлакат маданияти ва иқтисодий ҳаётини кўтаришда кўп тадбирларни амалга оширди. Маданият ва фан арбобларига ҳомийлик қилди. Ўзи ҳам ижод билан фаол шуғулланди. Феруз тахаллуси билан кўплаб лирик шеърлар ёзди. Муҳаммад Раҳимхон шоиру олимлар, санъаткорлару донғи кетган паҳлавонлар, ҳунармандларга саройда қулай имкониятлар яратиб берди. Шеъриятда Огаҳийни, имон-эътиқод, дину диёнат ҳамда шариатда адолатпешалиги билан машҳур бўлган қозикалон шайх ул-ислом Салимохун Матпано ўғлини устоз ва пир тутди. У Ўрта Осиё хонликларида биринчи бўлиб тошбосма ва фотография ишларини йўлга қўйди. Биринчи фотограф Худойберган Девоновни шу ишга жалб этди. Шоир ва олимлар билан ҳафтада икки марта ошкора баҳс, мунозара, мушоиралар ўтказар эди. Комил Хоразмий билан ҳамкорликда мумтоз қўшиқларга куй басталаш, ноталар яратиш устида шуғулланди. Ўзи «Шашмақом»га ўн учта куй басталади. Муҳаммад Раҳимхон ташаббуси билан кўҳна Арк дарвозаси қаршисида бунёд этилган Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси катталиги жиҳатидан Муҳаммад Аминхон мадрасасидан кейинги иккинчи ўринда туради. Мадраса ёзги ва қишки масжид, дарсхона, кутубхона ва ҳужралардан иборат. Бинонинг олд томони икки қаватли, бино бурчакларига буржлар ишланган. Сирти сиркор парчинлар билан безатилган. Мадрасанинг умумий тузилиши Хива мадрасалари меъморлигидан бироз фарқланади. Дарвозахона атрофидаги 9 хона усти гумбаз билан ёпилган. Мадраса ҳовлисида қаватли 76 ҳужра бор. Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси ўз даврининг машҳур таълим-тарбия ўчоқларидан бири бўлган.


Манзил: