Оллоқулихон

мадрасаси

Хивадаги Оллоқулихон мадрасаси Ичанқалъанинг яхлит мажмуа бўлиб шаклланиши тарихи билан узвий боғлиқдир. Мадраса қаршисидаги Хожамбердибий мадрасасига ўхшатиб ишланган. Натижада Ўрта Осиё меъморлигида кенг тарқалган усул – қўшмадраса ҳосил бўлган. Оллоқулихон мадрасаси тепалик устида барпо этилганлиги учун у бошқа бинолардан анча баланд кўринади. Мадрасанинг ҳовли томони ўзига хос ишланган. Ундаги икки қаватли қатор ҳужралар Полвон дарвозанинг кичик гумбазлари устига ва қисман тим гумбазлари чеккасига жойлашган. Мадрасадаги қишки масжид ва дарсхонанинг усти ярим айлана шаклидаги пастак гумбаз билан ёпилган. Масжид пештоқи ҳалқасимон нақшлар билан безатилган. Пештоқнинг олд қисмидаги сиркор безаклар айниқса жозибадор. Мадрасада 99 ҳужра бўлиб, ҳар ҳужрада биттадан алоҳида эшик ва унинг устида панжарали кичик дарча бор. XIX аср архитектура ёдгорлиги бўлган Оллоқулихон мадрасасини Хива хони Муҳаммад Раҳимхоннинг ўғли Оллоқулихон 1834 йили қурдирган. Оллоқулихон Хива хони бўлган пайтда карвонсарой, тим, тошҳовли, Оқмасжид, Саидбой масжид каби иншоатлар барпо этилган.