Саид Аловуддин

мақбараси

Саид Аловуддин мақбараси музей-шаҳар Хивадаги кўҳна ёдгорликлардан бири бўлиб, XIV асрда Амир Кулол Нақшбандий томонидан устози Шайх Аловуддин қабри устига тикланган. Асрлар давомида мақбара атрофида турли қабрлар қўйилгани туфайли у кўмилиб кетган. Археологик қазишмалар натижасида мазкур ёдгорликнинг дастлабки кўринишига доир маълумотлар аниқланди. Саид Аловуддин мақбараси зиёратхона ва даҳмадан иборат. Зиёратхона баланд ва катта. Даҳма турган хона эса кичик гумбаз билан ёпилган. Зиёратхонага пойгумбаз дарчасидан ёруғлик тушиб туради. Ичкариси ганчсувоқ қилинган. Даҳма ва сағаналар нақшлар билан безатилган. Даҳма супа шаклида бўлиб, бурчакларида бежирим устунчалари бор. Саид Аловуддин мақбараси пишиқ ғиштдан қурилган. Мақбара ичига қўйилган сағана деворларига Саид Аловуддиннинг вафоти санаси (1303 йил, 18 март) шеърий услубда битилган. Ёзувлар унинг Макка шаҳрида кўп йиллар ижод қилиб, сўнг қайтиб келганлиги ҳамда шаънига «Саид Аловуддин денгиздан олинган ажойиб гавҳар – илмнинг гавҳари»дир деган сўзлар ифодаланган. Мақбаранинг марказий гумбази Оллоқулихон ҳукмронлиги даврида 1825 йили меъмор Ҳиббиқулихўжа ўғли Ҳамидхўжа томонидан таъмир этилган. Охирги таъмир ишлари 1957 йили тугалланган.


Манзил: Хива шаҳар, П.Махмуд кўча 21