Шерғозихон

мадрасаси

Хоразм ўқув муассасалари орасида Шерғозихон мадрасаси энг кўҳнаси ҳисобланади. У илм-маърифат даргоҳи сифатида машҳур бўлган. Хива хони Шерғозихон 1719 йили Машҳадга муваффақиятли юришдан сўнг, ана шу мадрасани қурдирган. Шерғозихон мадрасаси Паҳлавон Маҳмуд мақбарасининг рўпарасида барпо этилган. Мадраса саҳнаси анъанавий: ўртада чорси ҳовли, ҳовлининг уч томони бир қаватли иморат; тўртинчи томони икки қаватли иморат, унинг биринчи қаватида масжид ва дарсхона, тепасида эса ҳужралар жойлашган. Мадраса деярли безаксиз, содда шаклда ишланган. Ҳовлисида ҳовузча бўлиб, атрофига дарахтлар ўтқазилган. Мадраса ўз даврида йирик билим ўчоғи бўлиб, унда кўплаб толиби илмлар таҳсил олган. Жумладан, туркман халқининг оташин шоири Махтумқули шу билим даргоҳида таълим олган.