Юсуф Ҳамадоний

зиёратгоҳи

Диний-фалсафий таълимот сўфийлик – тасаввуфнинг Мовароуннаҳрда шаклланиши Юсуф Ҳамадоний номи билан боғлиқ. У дастлабки маълумотни Бағдод мадрасаларида олди; биринчи устози Шайх Али Фармодий эди. У илм истаб кўп мамлакатларда бўлди. Ҳиндистон, Эрондаги тасаввуфий ва фалсафий билимларни чуқур ўрганди. Шу жараёнда ўз тариқатини асослаб, уни Мовароуннаҳрда кенг ёйишга муваффақ бўлди. Юсуф Ҳамадоний Бухорода илм ихлосмандларига таълим берди, кўплаб шогирдлар тарбиялади. Улардан Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Абдуллоҳ Барроқий, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ва Хожа Аҳмад Яссавий тасаввуф илмида юксак мартабаларга эришдилар. Ўрта Осиёда Юсуф Ҳамадонийнинг бизга маълум бўлган икки мақбараси мавжуд. Улардан бири Туркманистонда – қадимги Марвда, иккинчиси Хоразм вилояти Шовот туманидаги Бешмерган қишлоғида. Айрим манбаларда Юсуф Ҳамадоний тўқсон ёшларида Ҳиротдан Марвга бораётганида йўлда вафот этди, шу жойга дафн этилди деб кўрсатилган. Кейинчалик Султон Санжар унинг майитини Марвга келтириб, дафн этган, дейилади. Юсуф Ҳамадонийнинг Шовотдаги зиёратгоҳи ҳашар йўли билан бунёд этилди. У ҳозирги вақтда маданий-маърифий мажмуа сифатида фаолият кўрсатмоқда.